Ҳаёт давом этади
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида 15 мартдан бошлаб айрим чекловлар ўрнатилган бўлсада, карантин даврида йирик саноат корхоналаридаги ишлаб чиқариш жараёнлари тўхтаб қолгани йўқ. Корхоналар фаолияти карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда барқарор йўлга қўйилган.
Хусусан, Фарғона шаҳрида жойлашган “UZ SUNGWOO” ва “Евроосиё тапо-диск” масъулияти чекланган жамиятларида ҳам ишлаб чиқариш жараёнлари бир маромда давом эттирилмоқда.
Автомобиллар учун 193 хилдаги бутловчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи “UZ SUNGWOO” корхонасида айни пайтда 632 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Пандемия шароитида ишчи-ходимлар саломатлигини асраш учун барча зарур шароитлар яратилган. Масалан, карантин даврида ходимларнинг ташқарига чиқмасликларини ҳамда бошқалар билан мулоқотга киришмасликларини таъминлаш мақсадида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ётоқхона ташкил этилган бўлиб, барча ходимлар ўша ерда қолиб ишлашмоқда.
Албатта, бундай йирик корхоналарнинг узлуксиз фаолияти давлат бюджети учун ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлган солиқ тушумларини таъминлайди. “UZ SUNGWOO” МЧЖ томонидан жорий йилнинг 1-чорагида давлат бюджетига 7,4 миллиард сўм, апрель ойида эса 2,5 миллиард сўм солиқ тўланди.
2001 йилда ташкил топган “Евроосиё тапо-диск” МЧЖда 50 хилдан ортиқ турдаги автомобил дисклари ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда ушбу корхонада 215 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлиб, карантин даврида ҳам ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолгани ёки кимдир ишдан бўшатилгани йўқ. Аксинча, биринчи навбатда ишчилар саломатлигига жиддий эътибор берилиб, кириб-чиқишда уларнинг ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалар билан зарарсизлантирилгач, барча ўз юмушини бажаришга киришмоқда.
2020 йилнинг ўтган даврида мазкур корхона томонидан қарийб 8 миллиард сўмлик 130 минг дона автомобил дисклари ишлаб чиқарилган бўлиб, маҳсулотлар, асосан, ички бозорда сотилмоқда.
“Евроосиё тапо-диск” МЧЖ 2020 йилнинг биринчи чорагида 473 миллион сўм, апрель ойида эса 194 миллион сўм миқдоридаги солиқларни давлат бюджетига тўлади.
Таъкидлаш жоизки, айни синовли кунларда корхоналарнинг карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда узлуксиз фаолият юритиши унда меҳнат қилаётган минглаб ишчи-ходимларнинг оилалари фаровонлиги билан бирга мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини, давлат бюджетига мунтазам солиқ тушумларини таъминлайди.
Фарғона вилояти ДСБ
Матбуот хизмати