Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилади
2020 йил 4 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда 197 мингдан ортиқ ёки 73-74 фоиз кичик бизнес субъектларининг бухгалтерлари мавжуд эмас. Бу эса ҳисоб-китобларда, солиқ мажбуриятларини бажариш, айниқса ҚҚС ҳисоблашда улар учун қийинчиликларни туғдирмоқда. 2019 йилда янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг 20 фоизи бир йил ичида фаолиятини тўхтатган.
Кўриниб турибдики, молия ва солиқ соҳасида назарий билимлари амалиёт билан уйғунлаштирилган кадрларга эҳтиёж юқори. Барча замонавий талабларга жавоб бера оладиган кадрлар тайёрлаш билан шуғулланадиган ОТМнинг пайдо бўлиши соҳадаги долзарб муаммоларга ечим бўлади.
Солиқ хизмати учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартириш масаласи мамлакат раҳбарияти томонидан шу йил бошида кўтарилган эди. Ушбу мақсадлар учун нуфузли хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва халқаро тажрибадан фойдаланиш таклиф қилинди. Давлат солиқ қўмитасида ушбу масала бўйича бир неча бор чет эл олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан учрашувлар ўтказилиб, тажриба алмашилди.
Ҳужжатга мувофиқ, янги таълим муассасасида ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт замонавий дунёқарашга ва илғор ахборот технологиялари билан эркин мулоқот қилиш қобилиятига эга бўлган янги авлод солиқ ходимларини тарбиялайди. Aсосий мақсад – молия ва солиқ соҳалари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш.
Янги институтда “Солиқлар ва солиққа тортиш” йўналиши бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланади. Хусусан, у ерда молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, иқтисодий соҳаларда ахборот технологияларини мукаммал эгаллаган битирувчилар етишиб чиқади. Юқори даражадаги фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилади.
Хорижий ўқув муассасалари билан тажриба алмашишга ва таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, институт тузилмасида Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Молия университети бўлинмаси (факультети) ташкил этилади.
Мазкур институтнинг ташкил этилиши тизимда ишлаб тажриба орттирган ўрта махсус малакали ходимларни олий маълумотли мутахассислар этиб тайёрлаш имконини беради.
Муҳим: ҳозирда мавжуд бўлган ОТМларда солиқ органлари фаолиятида фойдаланилаётган 50 га яқин ахборот дастурлари бўйича таълим берилмаслиги солиқ соҳасида фаолият бошлаётган ёш кадрларда дастлабки мослашиш жараёнларининг узоқ чўзилишига сабаб бўлмоқда. Янги ташкил этилган институт битирувчилари мазкур дастурлар бўйича тўлиқ назарий ва амалий кўникмаларга эга бўлади.
Бундан ташқари, халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ва Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1 000 та ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ўқитиш ташкил этилади.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари Институт ҳузуридаги Фарғона ва Тошкент солиқ техникумлари этиб қайта ташкил этилади.
Янги институтнинг ташкил этилиши, солиқ органларининг солиқ тўловчилар ҳамкори ва маслаҳатсчиси сифатидаги “Солиқчи-кўмакчи” сифатидаги имижини оширишда, аҳолида солиқ органларига нисбатан ишончининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.
ДСҚ Матбуот хизмати