2021 йилдан молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) ўтиш мажбурийдир. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4611-сон қарорида назарда тутилган.
Акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар (1.01.2021 йилдан) МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади.
2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлайди. Қонун ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно.
Шу муносабат билан солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетига солиқ қонунчилигининг янги нормалари тўғрисида эслатмалар юборилди.
Муҳим: молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.
Солиқ қонунчилиги нормаларини қўллаш бўйича саволлар туғилганда, Давлат солиқ қўмитаси Call-марказининг қисқа 1198 ёки (71) 202-32-82 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз, шунингдек, my.soliq.uz ва soliq.uz расмий сайтларидан маълумотлар олишингиз мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати