Шўрчи туманининг сўлим «Совуртепа» маҳалласи бугун одамлар билан гавжум бўлди. Ишлашга иштиёқи баланд, аммо имконини топа олмаётган ёшлар, маҳалласидаги умум муаммолар ечимини гарданига олган отахону онахонлар ҳамда ўз муаммосига чора излаётган фуқаролар умид ва ишонч билан Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари С.Эшматов ҳамда Шўрчи тумани ҳокими Б.Худойбергановларнинг сайёр қабулида иштирок этишди.
Аҳоли билан бевосита мулоқот давомида фуқаролар томонидан 50 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Аксарияти иш билан таъминлаш, ичимлик суви таъминоти, имтиёзли кредит олиш масалалари билан боғлиқ бўлган мазкур мурожаатларнинг 19 таси жойида ҳал этилиб, вақт ва маблағ талаб қиладиган қолган масалаларни ўрганиб чиқиш ва ечимини топиш юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар вакилларига топшириқлар берилди.
Шундан сўнг сектор раҳбари С.Эшматов Шўрчи туман 4-сектор штабида бўлиб, у ерда олиб борилаётган ишлар, хусусан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар муҳокама қилинди.
Олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш учун сектор раҳбари ёш тадбиркор Аслиддин Соатовнинг хонадонида бўлди. Аввалига “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган Аслиддин 4-сектор раҳбарининг кўмаги билан 29 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганди. Ҳозирда у нафақат ўзининг балки ўзи сингари 2 нафар ёшларнинг ҳам бандлигини таъминлаб, 5 турдаги брусчаткалар ишлаб чиқармоқда.
Шу куннинг ўзидаёқ 4-сектор масъуллари томонидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи яна 19 нафар ишсиз фуқароларга, жумладан, 5 нафар ёшларга пайвандлаш ускунаси, 6 нафар аёллар ва қизларга тикув машиналари ҳамда махсус печлар, паррандачиликни йўлга қўймоқчи бўлган 8 нафар ёшлар ва аёлларга эса ихчам инкубаторлар берилди.
- Бугун 4-сектор раҳбарига мурожаат қилиб, ишсизлигимни, лекин тикувчиликдан хабарим борлигини айтгандим, - дейди “Навоий” маҳалласида яшовчи Сарвиноз Эшмуродова. Буни қарангки, куннинг иккинчи ярмидаёқ менга тикув машинасини олиб келиб беришди. Албатта, жудаям хурсанд бўлдим. Энди тикувчилик қилиб, даромад қилишим мумкин.
Секторлар фаолиятининг йўлга қўйилишидан кўзланган мақсад ҳам айнан шу ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва шу аснода аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашдир.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати