Давлат солиқ қўмитасига ижтимоий тармоқлар орқали солиқ органининг асоссиз қарори билан Мажбурий ижро бюроси орқали тадбиркорлик субъекти ҳисобрақамидан пул маблағи ундиришга ҳаракат қилинаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди.
Мазкур масала Давлат солиқ қўмитаси томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилганда, мурожаатда қайд этилган ҳолат ўз тасдиғини топди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Давлат солиқ қўмитаси томонидан қуйи тизимларга бундай топшириқ берилмаган ва бу каби ҳолатларга асло йўл қўйилмайди.
Давлат солиқ хизмати тизимида солиқ органлари шаънига доғ туширувчи, ваколат доирасидан четга чиқиш ҳамда лавозимини суиистеъмол қилиш орқали тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳар бир солиқ ходимига нисбатан кескин чоралар кўрилади.
Мурожаатда келтирилган ҳолат юзасидан масъул ходимларнинг жавобгарлиги кўриб чиқилди. Айбдорларга нисбатан интизомий жазога тортиш ҳамда махсус унвонларини бекор қилиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача чоралар кўрилди.
Ҳурматли тадбиркорлар, агар Сиз юқоридаги каби ҳолатларга дуч келсангиз Давлат солиқ қўмитасининг қуйидаги манзиллари орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.
– Telegram акаунти – @DSQ_Pressa;
– Facebook саҳифаси – https://www.fb.com/Soliqpressa/;
– Instagram – https://www.instagram.com/soliqnews/.
Шунингдек, 1198 (Call-марказ) ёки (71) 244-98-98 рақами (ишонч телефони)га боғланиб, эркин фаолият юритишингизга тўсиқ бўлаётган ҳолатлар ҳақида хабар беришингиз мумкин.
Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларнинг ҳеч бир мурожаатини эътиборсиз қолдирмайди.
Ҳар бир тадбиркор – Давлат солиқ хизмати органлари ҳимоясида!
ДСҚ Матбуот хизмати