Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабабли тадбиркорлар томонидан нарх-навонинг сунъий оширилишига йўл қўйилаётганлиги юзасидан Давлат солиқ қўмитасининг “Ишонч телефони” ва “Call-маркази”га фуқаролардан мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда.
Мурожаатларнинг кунлик таҳлилига кўра, якшанба куни бироз ўсиш кузатилган. Бу кунларда мурожаатлар кўпайишининг сабаби, бозорлар ва савдо марказларида аҳоли асосан якшанба куни бошқа кунларга нисбатан кўпроқ харид қилади. Бундай вазиятда эса айрим “уддабурон” тадбиркорлар томонидан асоссиз равишда нархларни ошириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Ўтган дам олиш кунлари (4-5 апрель) ДСҚ “Ишонч телефони” ва “Call-маркази”га аҳоли томонидан жами 1161 та ҳолат бўйича мурожаат қилинди. Мурожаатларнинг 600 дан кўпроғи айнан якшанба куни келиб тушган.
Дам олиш кунлари ДСҚ “Ишонч телефони”га жами 394 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 200 дан зиёди якшанбага тўғри келмоқда. Шанба куни деярли барча ҳудудлардан кўпи билан 3 тагача мурожаат қилинган бўлса, якшанба куни уларнинг сони 25 тагача ошди.
Шу икки кун мобайнида “Ишонч телефони”га энг кўп мурожаат Қашқадарё вилоятидан (201 та) келиб тушди. Бу борада кейинги ўринларда Самарқанд (25 та) ва Сурхондарё вилоятлари (25 та) жойлашган.
Call-маркази”га эса фуқаролар жами 767 маротаба мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 400 дан ортиғи якшанбага, 300 тадан ортиқ шикоят эса шанба кунига тўғри келди.
“Call-маркази”га 4-5 апрель кунлари Қашқадарё вилояти аҳолиси 170 та ҳолат бўйича мурожаат қилди. Бу энг йирик кўрсаткич бўлди. Сурхондарёдан 90 та, Тошкент вилоятидан эса 74 та шикоят келиб тушди.
Таъкидлаш лозимки, ҳар бир мурожаат мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Давлат солиқ қўмитасининг махсус штаблари ва савдо марказларига бириктирилган масъуллари томонидан назоратга олиниб, улар юзасидан тегишли чоралар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати.