Жорий йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан журналист ва блогерлар учун “Камера фокусида кадастр соҳаси: таништирамиз, саволларга жавоб берамиз” мавзусида медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-тур давомида журналист ва блогерлар кадастр соҳасига оид сўнгги ўзгаришлар, қизиқарли фактларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, фуқаролардан келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш жараёни, архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва геоботаник тадқиқотлар жараёнлари билан танишди.
Медиа-турнинг биринчи қисми кадастр соҳасидаги ўзгаришларга бағишланди. Ҳозирда Кадастр агентлигини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига замонавий технологиялар асосида тезкор хизматлар кўрсатувчи ташкилотга айлантириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Хусусан, кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини тезкорлик билан аниқлаш, бу борада аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган тафовутларни бартараф этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ва Кадастр агентлиги маълумотлар базаси интеграция қилиниб, ҳудудлар кесимида босқичма-босқич жорий этилмоқда. Медиа-тур иштирокчилари дастлаб Тошкент шаҳар кадастр бошқармасига ташриф буюриб, аҳоли мурожаатлари ва уларни кўриб чиқиш тартибининг онлайн хизматлар алгоритми ҳақида батафсил тушунчага эга бўлди.
Иккинчи манзил “Картография” ДИИЧК бўлиб, у ерда мутахассислар хариталарни ишлаб чиқариш жараёнлари, Миллий атлас яратилишининг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида тақдимот ўзказди.
Шундан сўнг медиа-тур Тошкент вилояти Қибрай туманида давом этди. Иштирокчиларга архив ҳужжатларини рақамлаштириш жараёни “Ўнқўрғон” ҚФЙ ҳудудида олиб борилган хатлов мисолида кўрсатиб берилди. Бундан ташқари, мутахассислар “Кадастр соҳасидаги интерактив хизматларни кўрсатишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари”, “Миллий географик ахборот тизими”, “Давлат кадастрларининг юритилиш ҳолати ва унинг аҳамияти” каби мавзуларда тақдимотлар ўтказди.
Тақдимотлардан сўнг журналистлар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида медиа-турнинг “Дронларни бошқариш санъати” мавзусига бағишланган қисми бошланди. Бу Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ташкил этилган “Aгро Элит” интенсив боғларида бўлиб ўтди. Иштирокчилар дронларни қўллаш мавзусида ўтказилган тақдимот орқали дронларни бошқариш, улардан фойдаланиш борасида дастлабки билимларга бўлди.
Қизиқарли ўтган тадбир дронларни бошқариш бўйича мастер-класс билан якунланди.
ДСҚ Матбуот хизмати