Солиқларнинг тўлов муддатларини ўзгартириш коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларидан биридир. Ушбу ҳуқуқ мамлакатимизда жорий йилнинг март, апрель ойларида қабул қилинган ПФ-5969, ПФ-5978 ва ПФ-5986-сон ҳужжатларга асосан тақдим этилди.
Мазкур солиқ енгилликларидан 3581 та солиқ тўловчилар фойдаланиш истагини билдирди. 2020 йил 1 май ҳолатига Давлат солиқ қўмитасига айнан шунча мурожаат келиб тушди.
Ушбу мурожатларнинг 1347 таси Тошкент шаҳри, 637 таси Тошкент, 360 таси Бухоро, 229 таси Самарқанд ва 228 таси Фарғона вилоятлари ҳиссассига тўғри келди.
Соҳалар кесимида ишлаб чиқариш (1053 та мурожаат), хизмат кўрсатиш (993), савдо (486), умумий овқатланиш (333), қурилиш (201), транспорт (190), саноат (146), меҳмонхона хизмати (96) ва қишлоқ хўжалиги (54)да фаолият юритувчи субъектлар солиқларнинг тўлов муддатларини ўзгартиришни сўраб мурожаат қилган.
Натижада Тошкент шаҳрида 429 та, Бухорода 289 та, Сурхондарёда 180 та, Тошкент вилоятида 175 та ва Самарқандда 110 та, жами 1520 та тадбиркорлик субъектларининг солиқ тўлаш муддатлари кечиктирилди.
Шу тариқа, кечиктирилган солиқларнинг умумий миқдори 76 млрд. сўмга етди. Ишлаб чиқариш соҳасида кечиктирилган солиқлар миқдори 33,4 млрд. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич хизмат кўрсатиш соҳасида 18,5 млрд. сўм, савдода 9,8 млрд сўм, саноатда 2,8 млрд. сўм, умумий овқатланишда 1 млрд. сўм миқдорида бўлди.
Яна 92,4 млрд. сўмлик 1 360 та мурожаат маҳаллий ҳокимият органларга юборилди. 701 та мурожаат эса ДСҚ томонидан ўрганиб чиқиляпти.
Кимлар кечиктиришга ҳақли?
Эслатиб ўтамиз, юридик шахслар (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари), якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг алоҳида бўлимлари мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларини тўлаш муддатини ўзгартириши мумкин.
Президентимизнинг ПФ-5969-сонли Фармонига асосан уларга кўрсатилган солиқлардан бирини фоиз ундирмасдан, шунингдек, бир вақтнинг ўзида икки ёки учтасини 6 ойгача кечиктириш имкони берилмоқда.
Президентимизнинг яна бир Фармони (ПФ-5978-сонли)га кўра эса ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди:
- маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан;
- ижтимоий солиқ бўйича – уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан.
ПФ-5986-сон Фармонга мувофиқ, жисмоний шахслар учун турар жойларини жисмоний шахсларга ва коронавирус пандемияси даврида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни ижарага беришдан олинган жисмоний шахслар даромадлари бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди.
Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича берилган кечиктириш суммаси 2021 йил 1 апрелга қадар муддатгача тенг улушларда тўланиши лозим.
Мазкур Фармонга кўра, ПФ-5978-сон Фармонда назарда тутилган соддалаштирилган тартибда солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) бериш муддати 2020 йил 31 декабргача узайтирилди.
Маҳаллий ҳокимиятлар кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) берилган ва келгусида тўланадиган солиқ суммаларини тўлаш бўйича муддатни мустақил равишда, бироқ икки йилдан оширмасдан белгилаш ҳуқуқига эга.
ДСҚ Матбуот хизмати.