2020 йилнинг 31 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 833-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 737-сон қарори талаблари асосида ишлаб чиқилди.
Унга асосан қуйидагилар тасдиқланди:
– Маҳсулотларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш ва уларнинг айланмасини кузатиб бориш қоидалари;
– “Asl belgisi” маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига техник хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;
– Алкоголь маҳсулотларини рақамли идентификация воситалари билан маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур қарор билан тасдиқланган қоидалар ҳамда низомлар талабларига риоя этилишини назорат қилиб бориш вазифаси Давлат солиқ қўмитаси зиммасига юклатилди.
Мажбурий маркировкаланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга маркировка кодларини тақдим этиш юзасидан хизматлар кўрсатиш учун ягона тўлов (тариф) миқдори қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмасдан 1 код учун 68 сўм миқдорида белгиланди.
Қарор талабларига кўра, айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ва “CRPT TURON” масъулияти чекланган жамият ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида давлат-хусусий шериклик битими тузилди.
Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда маҳсулотларни рақамли маркировкалаш бўйича ихтиёрий экспериментлар натижалари асосида:
– 2021 йил 30 декабрга қадар дори воситалари ва тиббий буюмларни;
– 2022 йил 1 мартга қадар сув ва салқин ичимликларни;
– 2022 йил 1 майга қадар маиший техникаларни маркировкалаш ва кузатиш тартибларини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.
Ушбу қарорга асосан Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ҳамда айрим қарорлари ўз кучини йўқотди.
ДСҚ Стартегик ривожлантириш департаменти