Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кадастр ва солиқ органлари маълумотлар базасидаги хатоликлар тўғрисида аҳолидан шикоятлар тез-тез учрамоқда. Фойдаланувчилар мол-мулк ва ер солиғини тўлашда бошқаларнинг уйлари ва квартиралари ҳам уларнинг ҳисобига ёзилганлигини, булар учун тўлашга тўғри келаётганини айтмоқда.
Шунингдек, изоҳларда “муаммо телефон орқали ҳал қилинаяпти: солиқ идорасига бошқа бировнинг мол-мулкини олиб ташлаш тўғрисида илтимос билан қўнғироқ қилингандан сўнг, тизим солиқ тўловчига “ортиқча” уйларни беришни тўхтатади” деб ёзилган.
Шу муносабат билан, Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади:
Солиқ кодексининг 420 ва 435-моддаларига асосан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати ва ер участкаларининг майдони жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқларининг базаси ҳисобланади.
Жисмоний шахслар эгалигида бўлган кўчмас мулк объектлари ва ер участкалари тўғрисидаги барча ўлчамлари ҳамда объект эгасининг маълумотлари Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг “Кўчмас мулк-3” дастурий маҳсулоти орқали киритилиб, солиқ солиш мақсадида Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасига онлайн равишда тақдим этилади.
Ҳозирги кунда республика бўйича жисмоний шахслар эгалигида 7,3 млн. та кўчмас мулк бор. Ҳақиқатан ҳам кадастр маълумотлар базасидан солиқ органлари томонидан олинган мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга мос келмайдиган ҳолатлар мавжуд. Вазият ҳудудий солиқ органлари томонидан ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги ПФ-6061-сонли Фармонига асосан 2020 йил 7 сентябрда “Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4819-сонли қарори қабул қилинган.
Кадастр органлари маълумотлар базасида бундай камчиликларнинг мавжудлиги уларни Давлат солиқ қўмитаси бўйсунувига ўтказилишининг асосий сабабларидан бири бўлди.
Қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар асосида ДСҚ солиқ тўловчиларнинг маълумотлар базаларини мувофиқлаштириш ҳамда бу каби муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ДСҚ ҳузурида ташкил этилган Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ёрдамида тизимли ишларни амалга оширади.
ДСҚ Матбуот хизмати