Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармони билан тасдиқланган «Қонуности ҳужжатларининг ҳуқуқий жавобгарлик ва санкция белгиловчи нормаларини қайта кўриб чиқиш дастури»нинг 7-бандига асосан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2777-сон қарорининг 2-банди 2-хатбошида чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини (нақд пул ёки пластик карточкалар бўйича) тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган тақдирда, бундай хатти-ҳаракатлар пластик карточкалар бўйича тўловларни қабул қилишда ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш борасида ўрнатилган тартибни бузиш ҳисобланади ва уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима солиниши назарда тутилган.
Юқорида қайд этилган жарима 2017 йил февраль ойидан қўлланилиб келинмоқда. Бу айрим ОАВ томонидан ёзилганидек, жарима санкцияларини ошириш ёки янги турдаги жавобгарликларни белгилашнинг янги тартиби эмас. Ушбу тартиб, аввалдан мавдуж бўлиб уни Маъмурий жавобгарлик тўрисидаги кодексга киритиш таклиф этилган.
Лойиҳа жавобгарликни белгиловчи нормаларни қонунчиликка киритиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Президентимизнинг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган
ДСҚ Матбуот хизмати