Айни пайтда Тошкентда муҳим сиёсий тадбир – “Марказий ва Жанубий Осиё: Минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” Халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. Конференцияда Ўзбекистон, Афғонистон президентлари, Покистон бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё ташқи ишлар вазирлари ва бошқа хорижий давлатлар, шунингдек нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, халқаро молия институтлари ва компаниялар раҳбарлари, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари вакиллари иштирок этмоқда. Форумнинг асосий мақсади - Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихий ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш. Юқори даражадаги конференцияда транспорт-логистика, энергетика, савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли стратегик алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинади.
Конференция доирасида халқаро делегациялар аъзолари иштирокида алоҳида мавзулар бўйича учрашувлар ва ташрифлар ўтказилмоқда. Хусусан, Халқаро солиқлар ва инвестициялар маркази (АҚШ) экспертлари Дэниэл Уитт ва Ариэль Коэн Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев билан учрашди.
Учрашув давомида меҳмонларга сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимида рўй берган асосий ўзгаришларга бағишланган тақдимот намойиш этилди. Экспертлар IT-технологияларни кенг татбиқ этиш орқали рақамли солиқ маъмуриятчилигига ўтишда ижобий натижаларга эришилаётганлигини таъкидлади.
– Ўзбекистонга 2018 йилги сўнгги ташрифимдан бери Давлат солиқ қўмитаси томонидан тизимни трансформация қилишда улкан ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлдим, – деди Дениел Витт, Халқаро солиқ ва инвестициялар маркази президенти (АҚШ). – Ўзгаришлар даромадлар йиғилувчанлигини яхшилаш, шунингдек яширин иқтисодиётни сезиларли даражада қисқартириш ва унинг шаффофлигини ошириш билан ўлчанади. Буларнинг барчаси муваффақиятга эришишнинг объектив омиллари. Бу мамлакатдаги инвестиция муҳитини яхшилашда муҳим роль ўйнмоқда. Барча масъул идоралар раҳбарларини, шу жумладан, сизнинг раисингизни белгиланган вазифаларни аъло даражада бажариб бундай муваффақиятга эришганлиги билан табриклайман.
Ташриф якунида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, шу жумладан Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланадиган Ўзбекистон солиқ маъмурчилигини модернизация қилиш лойиҳаси, шунингдек ДСҚ ва халқаро экспертлар ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашдилар.