Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Карантин талаблари ва чекловлар бизнес соҳасига жиддий таъсир кўрсатди: баъзи корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришга мажбур бўлди, ходимлар сони қисқартирилди, умуман фаолиятини тўхтатиш ҳолатлари ҳам бўлди. Бу биринчи навбатда аҳоли бандлиги ва даромадларига таъсир кўрсатди.
Пандемиянинг иқтисодиётга салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи инқирозга қарши комплекс чоралар – бир қатор имтиёз ва преференцияларни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари (ПФ-5969, ПФ-5978, ПФ-5986 ва бошқалар)қабул қилинди. Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга солиқ имтиёзлари тўғрисидаги керакли маълумотларни мунтазам равишда тезкор ва ишончли равишда тақдим этиб бормоқда. Бугунги мураккаб даврда тақдим этилган имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимдир.
Тадбиркорлик субъектларига маслаҳат беришда “Бизнес-клиника” лойиҳаси ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Мазкур лойиҳа 2020 йил май ойида БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ишга туширилди. Мақсад – пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларга бизнесини тиклаш ва давлат томонидан бериладиган солиқ, божхона ва кредит ва бошқа имтиёзлари ва преференциялар билан боғлиқ аниқ ва ишончли маслаҳат бериб борилишини таъминлаш. Бу лойиҳа доирасидаги барча маслаҳатлар мутлақо бепул.
“Бизнес клиника” мутахассислари билан тезкор алоқа:
– телеграм-канал – https://t.me/biznes_klinika;
– телефон орқали маслаҳат олиш – call-марказининг 1094 қисқа рақами;
– онлайн-мурожаат қабул қилиш – www.businessinfo.uz сайтида Бизнес-клиника бўлими.
ДСҚ Матбуот хизмати