Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Президентимизнинг 2020 йил 20 июлда имзоланган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида (ПФ-6029) халқаро тажрибадан келиб чиқиб, умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартибини тасдиқлаш вазифаси топширилган эди.
Мазкур лойиҳа юқоридаги вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди.
Лойиҳаси билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб кўчма савдо тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда “K – SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида (“K – SAVDO” ААТ) рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилиши, кўчма савдо жойи жойлашиш схемалари доирасида “K – SAVDO” ААТ орқали электрон аукционда сотилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, қарор лойиҳасига мувофиқ:
- "Умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Низом;
- “K – SAVDO” ААТга уланадиган вазирликлар ва идоралар рўйхати;
- Кўчма савдо фаолиятини тартибга солиш юзасидан амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда.
Юқоридаги Низом лойиҳасида кўчма савдони амалга оширишнинг мажбурий талаблари ва шартлари, рўйхатдан ўтказиш қоидалари, жойларни электрон аукцион орқали кўчма савдо жойларини сотиш тартиби, умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши тартиби белгиланмоқда.
Ушбу қарорнинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо фаолиятини амалга оширишда ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташланишига замин ҳозирлайди. Бу эса хўжалик юритувчи субъект ва давлат органи ўртасидаги ошкоралик, очиқлик ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, қарор лойиҳасида белгиланган умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши тартиби белгиланиши, ушбу соҳада турли қоидабузарликларнинг олдини олади.
Лойиҳа билан мамлакатимизда савдо автоматларининг ишлаш тартиби ҳам белгиланмоқда. Ўзбекистонда бугунги кунга қадар бундай тартиб мавжуд эмас эди. Бу мазкур йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг белгиланган қоидалар асосида фаолият юритишига тушумларнинг банкдан ташқари айланмасини қисқаришига олиб келади.
Қарор лойиҳаси давлат тилида жойлаштирилган. Лойиҳага 2020 йил 24 декабргача таклиф бериш ва муносабат қолдириш мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати