Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Ўзбек тили байрами куни” арафасида ўндан ортиқ нашриётлар иштирокида китоб ярмаркаси ташкил этилди.
Давлат тилига чуқур ҳурмат уни ҳаётнинг барча жабҳаларида: давлат ва жамоат бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъатда фаол қўллашдан бошланади.
Халқаро минбар – БМТ Бош Aссамблеясининг 75-сессиясида янграган ўзбек тилидаги нутқ барчамиз учун ёқимли бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқида дунё ҳамжамиятини ягона ва умумий мақсад йўлида бирлашишга – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, соғлиги, фаровонлигини таъминлайдиган тенг ҳуқуқли глобал тизимни биргаликда шакллантиришга чорлади. Президентимиз долзарб муаммоларга тўхталиб ўтиши қаторида, ўзбек тилининг бутун гўзаллиги ва кўп қирралилигини намойиш этиб, тилимизга дунё эътиборини яна бир бор қаратди.
Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда тилимизга дунё ҳамжамияти эътибори тобора ортиб боряпти. Aбдулла Қодирийнинг аччиқ ҳақиқатлар баён этилган асарларини ва Муҳаммад Юсуфнинг нозик сатрларини асл нусхада ўқиб, тушунишни истовчи “Ўзбек тилининг дўстлари” офлайн ва онлайн-клублари сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.
Aдабиёт туфайли тилнинг энг нафис хусусиятлари очилади, китоблар эса янги дунёларни кашф этишга етаклайди. Ўқувчи ўзи учун номаълум бўлган оламлар билан танишади, шу билан бирга, беихтиёр тилнинг руҳиятини ўзига сингдириб боради.
Айнан китобсеварлар ва маҳаллий нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Ўзбек тили байрами куни” арафасида китоб ярмаркаси ташкил этилди. Ўзбек тилининг буюк маънавий қудратини ҳурмат қиладиган, улуғлайдиган ва уни ҳимоя қиладиган инсонлар “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида бирлашди.
– Биз ямаркага 500 дан зиёд китоб ва китоб маҳсулотлари билан ташриф буюрдик, – дейди “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи маркетинг бўлими ходими Элбек Ашуров. – Улар орасида ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари жой олган. Бу ярмаркада давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг китобга меҳри бўлакча эканлигини ҳис этдим. Улар кўпгина китобларни сотиб олиб, шахсий кутубхона фондини бойитди. Алоҳида таъкидлашим керак, “Ўзбек тили байрами куни” арафасида ташкил этилган бу тадбир, тилимизга бўлган ҳурмат белгисидир.
Ярмаркада ўнга яқин нашриётлар мингдан ортиқ номдаги китоблар, ўқув қўлланмалари, журналлар ва бошқа босма маҳсулотлар билан иштирок этди. Ўзбек бадиий адабиёти дурдоналари, ўзбек тилига таржима қилинган жаҳон мумтоз асарлари, тематик, илмий адабиётлар, ёшлик ва болалар дунёсининг энг сара намуналари барча китоб мухлисларини хурсанд қилди. Ярмаркага ташриф буюрганлар орасида шахсий китоб фондини янги нашрлар билан тўлдиришни истаганлар кўпчиликни ташкил этди. Улар янги маънавий озуқа манбаларидан барҳраманд бўлиш мақсадида ўзлари ва оила аъзолари учун севимли китобларини харид қилди.
– Давлат тили байрами арафасида китоб ярмаркасининг ташкил этилиши айни муддао бўлди, – дейди Давлат солиқ қўмитаси Кадрлар билан ишлаш бошқармаси катта инспектори Нафиса Жалилова. – Ярмаркада нашриётлар томонидан таклиф этилаётган ўзбек тилидаги китоблар тилимизга бўлган ҳурматни оширишга хизмат қилади. Биз фарзандларимиз учун ҳам китоблар харид қилдик. Бу каби ярмаркалар тез-тез ташкил этилса, бундан фақат фойда оламиз.
– Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўзбек тили байрами арафисида ташкил этилган китоб ярмаркасида 1 000 га яқин китобларимиз билан иштирок этяпмиз, – дейди Asaxiy.uz” интернет дўкони менеджери Назирбек Худоёров. – Бугунги ярмаркада Уолтер Айзексоннинг “Стив Жобс”, Джорж Оруэллнинг “1984” романи ва бошқа шу каби асарлар китобхонлар қизиқишига сабаб бўлди. Бу ерга олиб келган китобларимиздан ташқари интернет дўконимиздаги бошқа китоблар учун ҳам буюртмалар олдик. Китобга бўлган бундай қизиқиш, ўз навбатида, тилга бўлган эътиборни ҳам оширади.
Адабиёт мутолааси – фикрлаш даражасини кенгайтиради. Маънавий қашшоқликка қарши курашиш учун бундан-да яхшироқ восита йўқ! Китоб ўқиган инсонлар чиройли ва нафис нутқи, бой ички олами билан ажралиб туради. Китобга ҳурмат – тилга ҳурмат демакдир!
ДСҚ Матбуот хизмати