Мевали кўчатни ерга қадаган боғбон унинг ҳосилга киришини камида уч йил кутади. Кимдир келиб, эндигина мева бераётган дарахтни кесиб юборса, боғбоннинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас.
Минг машаққат чекиб тарбиялаган, олий маълумотли қилиб, эндигина ишга жойлашган фарзанди “орзу-ҳаваслар”га берилиб, нобоп ишга қўл уриб қўйгани оқибатида ота-онанинг боши эл олдида хам бўлишини кўз олдингизга келтиринг.
Боғбонки, кесилган дарахти ўрнига ниҳол экиб, парваришлаб, уч йилдан кейин ҳосил олишни бошлар. Аммо, биргина нотўғри босилган қадам фарзанди камолини 20 йилдан зиёд кутган ота-она орзуларини сароб қилгани етмагандай, асрлар давомида “палаги тоза” деб эътироф этилаётган оила номига ҳам доғ туширади.
Бундай аянчли ҳолатга ҳеч бир ота-она тушиб қолмаслиги керак. Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси Ўз хавфсизлиги бўлими мутассадди ташкилотлар билан ҳамкорликда “Коррупция – оила шаънига доғ туширувчи иллат” мавзусида ҳамда бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кенгайтирилган давра суҳбати ташкил этди.
Унда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, диний идора, “Нуроний”, “Маҳалла” хайрия жамғармаси вакиллари ҳамда давлат солиқ хизмати органларида меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари иштирок этди.
Тадбирда Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Зуфар Юлдашев бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш энг долзарб масалага айланганини таъкидлаб, бу иллат давлатнинг иқтисодий ривожланишига, ҳаёт барқарорлигига таҳдид солаётганини, ачинарлиси, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини издан чиқараётганлигига алоҳида тўхталди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан солиқ тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, ойлик иш ҳақлар аввалги йилларга нисбатан бир неча баробар ошганини, бу эса ходимларнинг турмуши янада фаровонлашаётганига хизмат қилаётганини билдирди.
Халқимизда ёшлар доимо оила бошлиқларининг насиҳатига қулоқ тутади. Улар тутган йўл асосида иш юритади. Жаҳонни ўз комига тортаётган иллатга қарши курашишда, унинг домига тушиб қолишдан асрашда ота-онанинг берган тарбияси муҳим ўрин тутади. Шу боис семинарда ота-оналардан фарзандларини ўткинчи хою-ҳавасларга берилмаслиги учун уларга янада эътиборлироқ бўлишга чақирилди.
Сўз олган вилоят прокуратураси ҳамда диний идора вакиллари коррупция иштирокчисига қонуний томондан ҳам, диний томондан ҳам жазо муқаррар эканлигини таъкидладилар.
– Барча фарзандларим олий маълумотли, турли соҳаларда меҳнат қиляпти, – дейди пахтаободлик Орифжон ота Қодиров. – Кенжа ўғлим солиқ соҳасини танлаган. Иш эканда, баъзан уйга кеч қайтади. Шундай бўлса ҳам, унга бир одатни сингдирганим учун доим “Дада, мен келдим. Хавотирланманглар”, дея ўз хонасига кириб кетади. Ота-она учун нима керак? Фарзандининг тинчлиги, соғ-саломатлиги! Вилоят раҳбарларининг ота-оналар билан шундай учрашув ташкил қилгани жуда соз бўлди. Чунки, фарзанд ўттиз бешга кирадими ёки элликка, барибир, ота-она учун – бола. Бизга шараф ҳам олиб берадиган улар. Бошимизни маҳалла-кўйда, эл олдида доимо тик тутиб юришимиз учун фарзандларимизнинг ҳар бир қадамини назорат қилишимиз шарт. Шунда ҳеч кимнинг олдида изза бўлиб қолмаймиз.
Давра суҳбатида сўз олган вилоят давлат солиқ бошқармаси Ўз хавфсизлиги бўлими бошлиғи Дилмурод Мажлунов, шахсий таркиб ходимларининг диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги ҳақида сўз юритиб, хушёрликни янада ошириш лозимлигини ва шу билан бирга ходимларнинг ўз бошқарувидаги автомашинани белгиланган тартиб-қоидаларга бўйсунган ҳолда бошқаришда оиладагилар муҳим ўрин тутишини, ота-оналар бунга жиддий эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.
Айнан бўлим томонидан коррупция ва автоҳалокатлар юзага келтирган аянчли тақдирлар ҳақида тайёрланган видео роликлар намойиш этилди.
Башарият ҳаётини пароканда қилишга уринаётган бу иллатларга қарши курашишга доир давра суҳбатлари вилоятнинг барча туманларидаги давлат солиқ инспекцияларида ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирлар сўнггида ота-оналарга фарзандларида рўй бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида эслатмалар тарқатилди.
Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати