Дорихоналарда, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш пунктлари, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳамда йирик савдо марказларида истеъмолчиларга харид учун QR кодли чек тақдим этилиши лозим. Бундай чеклар қонуний фаолиятдан гувоҳлик беради. Улар фақат онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан берилади.
Умуман олганда, ҳисоб-китоблар тизимига ахборот технологияларининг татбиқ этилиши – бу, айниқса, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун муҳим қадам. Онлайн режимда ишлайдиган назорат-касса машиналари истеъмолчига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бир мунча осонлаштиради, бунда инсофли тадбиркор ҳам фаолиятидан хотиржам бўлади.
Мамлакатимизда 2020 йилнинг январь ойидан онлайн НКМ ва виртуал кассаларга ўтиш жараёни бошланди. Қуйида айнан қандай бизнес тури, қайси муддатда онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтиш лозимлиги кўрсатилган жадвал келтирилади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сонли “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони).
Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат касса машиналари ёкивиртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш
ГРАФИГИ
Босқичма-босқич ўтиш графигига мувофиқ, 1 августдан буён 3 710 та онлайн НКМ рўйхатдан ўтказилди. Янги ўрнатилган онлайн касса техникаларининг аксарияти йиллик айланмаси (тушуми) 5 млрд. сўмдан ошадиган корхоналар ҳиссасига тўғри келди. Ҳозиргача республика бўйича жами 37 806 та ана шундай касса аппаратлари ўрнатилган – улар Интернетга уланган бўлиб нафақат чекларни чоп этади, балки операциялар тўғрисидаги маълумотларни ҳам сақлайди, бу эса ҳисоб-китоб тизимини сезиларли даражада осонлаштиради. Янги фойдаланувчилар эски усулдаги технологиялар олдидаги аниқ афзалликларни таъкидламоқда: қоғоз шаклидаги ҳисоботларнинг бекор бўлиши, савдо ва ходимларни масофадан назорат қилиш, қўшимча қурилмаларни улаш ва бошқалар.
Қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган онлайн НКМ ва виртуал кассаларнинг тўлиқ реестри билан Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин. Ушбу маълумот ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фойдали бўлади, чунки Ўзбекистон ҳудудида Давлат реестрида тасдиқланган ускуналардан фойдаланиш талаб этилади.
Муҳим! Қонунчиликда онлайн НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланиш талаблари кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сонли “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида қуйидагилар белгиланган:
– тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга терминал чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт;
– харид чекида товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи ставкаси, шунингдек QR код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.
Солиқ кодексининг 221 моддасига мувофиқ:
– назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдо қилиш ва хизмат кўрсатиш, чек бермаслик, тўловни ҳисоб-китоб терминали орқали қабул қилишни рад этиш беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасини қўллаш (етти млн. сўм), бошқа шахслар номига расмийлаштирилган, техник талабларга мувофиқ бўлмаган ёки хизмат кўрсатиш дастури бузилган қурилмалардан фойдаланганлик (йигирма млн. сўм) учун янада каттароқ жарималар белгиланган
ДСҚ Матбуот хизмати