Онлайн-НКМ соҳасида қонунчилик
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сон Фармони талаблари асосида мамлакатимизда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини босқичма-босқич онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассалар билан жиҳозлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ушбу фармонда нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги тасдиқланган.
Т/р | Тадбиркорлик субъектлари тоифаси | Муддати |
1. | Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари | 2020 йил 1 январь |
2. | Ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари | 2020 йил 1 август |
3. | Ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари | 2021 йил 1 январь |
4. | Барча тадбиркорлик субъектлари | 2022 йил 1 январь |
Ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррар
Минг афсуски, айрим “уддабурон” тадбиркорлар онлайн касса тизимига ўтган бўлса-да, ундан фойдаланишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўймоқда. Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ:
– назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдо қилиш ва хизмат кўрсатиш, чек бермаслик, тўловни ҳисоб-китоб терминали орқали қабул қилишни рад этиш беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасини қўллаш (етти млн. сўм), бошқа шахслар номига расмийлаштирилган, техник талабларга мувофиқ бўлмаган ёки хизмат кўрсатиш дастури бузилган қурилмалардан фойдаланганлик (йигирма млн. сўм) учун янада каттароқ жарималар белгиланган.
Шунингдек, бу каби ҳуқубузарликлар ҳақида мурожаатлар давлат солиқ хизмати органларининг “Soliq hamkor” тизими орқали ҳам келиб тушмоқда.
Жамоатчилик назорати
Давлат солиқ хизмати органларига ёрдам кўрсатишни истаган ижтимоий фаол фуқаролар учун “Soliq hamkor” ахборот тизими мавжуд. Бу мутлақо ихтиёрий бўлиб, тизим орқали барча фуқаролар масофавий ҳамкорлик қилиши мумкин.
“Soliq hamkor” тизими орқали ҳамкор солиқ тўловчи, солиқ агенти ёки бошқа шахснинг Солиқ кодексида жавобгарлик белгиланган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан Давлат солиқ хизмати органини хабардор этади. Асосий талаб: ҳамкор тақдим этган маълумот аниқ, тўлиқ ва ишончли бўлиши керак.
“Soliq hamkor” бир неча йўналишда масофавий ҳамкорликни таклиф этади:
– “Soliq hamkori ” – SOLIQ мобил иловаси бўлими.
– @soliq_hamkor_bot – телеграм-боти;
– my.soliq.uz – электрон солиқ хизматлари портали.
Жорий йилнинг 21 декабрь ҳолатига онлайн-НКМ ёки виртуал кассаларидан фойдаланмаслик бўйича “Soliq hamkor” тизими орқали истеъмолчиларга харид чеки берилмаслик ҳолатлари юзасидан 4 500дан зиёд мурожаат келиб тушди. Ҳар бир хабар синчковлик билан ўрганилиб, кейинги ижро жараёнларига йўналтирилмоқда. Бу каби мурожаатлар асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида онлайн-НКМ ёки виртуал кассаларни қўллаш тартибига риоя этиш бўйича профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 4,8 млрд. сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилди. Молиявий санкциялар – солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик чорасидир.(Солиқ кодекси, 218-моддаси).
Ютуқли чек ўйинлари
Ютуқли чек ўйинлари жорий йил июль ойида синов тариқасида бошланди. Биринчи тиражда 10 мингга яқин чек рўйхатдан ўтказилди. Таққослаш учун – олтинчи тиражда 155 мингдан зиёд чек иштирок этди. Бунинг учун иштироклардан онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан берилган чекларни рўйхатдан ўтказиш талаб этилди холос. Ҳар бир иштирокчи қимматбаҳо совғалар ва Chevrolet Nexia 3 автомашинасини ютиб олиш имкониятига эга бўлди. Ҳозиргача ютуқли ўйинларда жами 120 та соврин, шу жумладан, 6 та Chevrolet Nexia 3 автомобили омадли чек соҳибларига насиб этди. Ўйин дастлаб фақат Тошкент шаҳри аҳолиси учун ўтказилган бўлса, сўнгги тиражларда бутун республика истеъмолчилари иштирок этди.
Ютуқли ўйинлар соврин улашиш билан бир қаторда, аҳолининг истеъмол маданиятини оширишга ҳам хизмат қилади – жамоатчилик назоратини таъминлайди, савдо маданиятини оширади, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг касбий маҳорати ва касб этикасини, масъулиятини оширади, шунингдек яширин иқтисодиёт улушини камайтиради.
Бундан ташқари ютуқли чек ўйинлари фуқароларни истеъмолчилик ҳуқуқини ҳимоя қилишга даъват этади – чекларни талаб қилиш орқали ҳар ким ўз ҳуқуқлари учун курашишни ўрганади.
Ютуқли чек ўйинлари бошлангандан сўнг, онлайн НКМ ўрнатган тадбиркорлик субъектлари сони кескин ошиб кетди. Масалан, июнь ойида тадбиркорлик субъектларига 24 минг дона онлайн назорат-касса техникаси ўрнатилган (ҳозирда 89 минг дона).
Ўзини ўзи банд қилиш
2020 йил 1 июлдан Ўзбекистонда ихтиёрий равишда расман ўзини ўзи банд қилиш бошланди. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-4742-сон қарори ва Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ЎРҚ-642-сон Қонуни билан тартибга солинади.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар – жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган меҳнатга лаёқатли жисмоний шахслар.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар Президентимизнинг ПҚ-4742-сон қарорига асосан, ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида (111 500 сўм) ижтимоий солиқ тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда пенсия ҳисобланади.
Солиқ органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш бепул ва масофадан туриб амалга оширилади. Хоҳловчилар буни “Soliq” мобил иловасидан фойдаланган ҳолда ёки my.soliq.uz сайтида жисмоний шахсларнинг шахсий кабинети орқали амалга ошириши мумкин.
ДСҚ расмий манбаларида босқичма-босқич рўйхатдан ўтиш қўлланмаси мавжуд.
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, ўзини ўзи банд қилганлик тўғрисидаги маълумотлар Солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига киритилади ва фойдаланувчига рўйхатга олинганини тасдиқловчи матрицали штрих-код (QR код) юборилади. Фуқаро QR кодли маълумотномани хоҳишга кўра чоп этиши мумкин.
Ўзини ўзи банд қилиш рақамларда
Сўнгги маълумотларга кўра, республика миқёсида (21 декабрь ҳолатига) 548,7 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобга олинган:
– маиший хизматлар соҳасини (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқалар) танлаганлар – 159 954 нафар;
– халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) 63 469 нафар шахс мустақил фаолият олиб бормоқда;
– қишлоқ хўжалиги соҳасида (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) 120 527 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс рўйхатдан ўтган;
– саноат соҳасида (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) 91 829 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс хизмат кўрсатмоқда;
– ижтимоий хизматлар соҳасида (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) 102 341 нафар фуқаро банд.
– АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) фаолият юритиш учун 10 134 нафар жисмоний шахс рўйхатдан ўтган.
Ўзини ўзи банд қилишнинг янги тартибига кўра сентябрь ойидан бошлаб хориж фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлмаган шахслар ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлди. Рўйхатдан ўтаётганда тизим масофадан туриб ва қисқа вақт ичида https://e-imzo.uz веб-сайтидан олиш мумкин бўлган ЭРИ (электрон рақамли имзо) сўрайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (сотилган маҳсулотлар) учун тўловларни қабул қилиш, юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) – электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, келгусида кредит олиш учун ихтиёрий равишда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш мумкин.
P.S. Эслатиб ўтамиз 2021 йил 1 январдан ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари онлайн-назорат касса техникаларидан фойдаланишга ўтиши лозим.
Ҳисоб-китоблар тизимига ахборот технологияларининг татбиқ этилиши – бу, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун муҳим қадам. Онлайн режимда ишлайдиган назорат-касса машиналари истеъмолчига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бир мунча осонлаштиради, бунда инсофли тадбиркор ҳам фаолиятидан хотиржам бўлади.
Тадбирда иштирок этган мутахассислар ОAВ вакилларининг барча саволларига батафсил жавоб беришди.
ДСҚ Матбуот хизмати