Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган “Big Bag Production” МЧЖ карантин даврида ҳам фаолиятини тўхтатмади. Корхонада 120 та иш ўрни сақлаб қолинди.
Бу ерда қишлоқ хўжалигида кенг қўлланиладиган турли хил қоп ва боғдорчиликда ишлатиладиган тўрлар ишлаб чиқарилади. Ўз вақтида амалга оширилган сайъ-ҳаракатлар натижасида айни пайтда ҳам маҳсулотлар экспорти давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг март ойида корхонанинг реализация ҳажми 2,7 млрд. сўмни ташкил этган эди. Апрель ойида бу кўрсаткич 100 млн. сўмга ортиб, 68 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт қилинди.
- “Аввал бошида, карантин вақтида қандай ишлаймиз, нима қилсак тўғри бўлади” деган саволлар бизни жуда ўйлантирди, – дейди корхона раҳбари Азмиддин Бузруков. – Ана шундай вазиятда Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти корхонамизга ташриф буюриб, муаммоларимизни ўрганишди. Сергели туман IV сектор раҳбарларига тегишли кўрсатмаларни беришди. Уларнинг кўмаги билан ишчи ходимлар келиб кетиши учун автобус йўлга қуйилди. Корхонамизга ўз вақтида кўрсатилган ёрдам сабаб, карантин шароитида ҳам ишлаб чиқариш барқарорлиги сақлаб қолинди. Хусусан, май ойида 30 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича хорижий ҳамкорларимиз билан келишувга эришдик.
Солиқларни ўз вақтида тўлаб, карантин қоидаларига амал қилиб фаолият юритаётган, аҳолининг турли қатламларига иш ўрни яратиш билан бирга юртимиз иқтисодий ривожига ҳисса қўшаётган корхоналар талайгина.
Чилонзор туманида жойлашган “OM AK NUR BIZNES” МЧЖ ҳам карантин сабабли қийин вазиятда қолди. Корхона раҳбарияти олдида Тошкент вилоятидан қатнаб ишлаётган ходимларнинг келиб кетишига шароит яратиш, маҳсулотларни ташиш учун юк автомашиналарига махсус рухсатнома олиш каби муаммолар пайдо бўлди.
Чилонзор тумани солиқ хизмати мутасаддилари билан учрашувдан сўнг корхона фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар ечимини топди. Натижада мазкур корхонанинг карантин даврида барқарор ишлаши таъминланди.
Жумладан, жорий йилнинг март ойида корхонада 1,3 млрд. сўмлик колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, апрель ойида 50 нафардан зиёд ишчи ўрни билан 2,1 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрлашга эришилди.
Пандемия шароитида корхоналар фаолияти тўхтамаслиги ёхуд қисқа фурсатда қайта тикланиши, энг аввало, ташкилотнинг моддий ҳолати издан чиқмаслигига, ходимлар оилалари фаровонлигига асос бўлади, қолаверса, мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тошкент шаҳар ДСБ
Матбуот хизмати