2019
йил 13 декабрь куни Давлат солиқ қўмитасида Тожикистон Республикаси делегацияси билан учрашув ўтказилди.
Дўстона руҳда ўтган учрашув томонлар ўртасида самарали тажриба алмашиш имконини берди.
Тожикистон Республикаси делегацияси Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистон солиқ тизими билан танишиш мақсадида ташриф буюрди.
– Тожикистон делегациясининг
ташрифи биз учун муҳим воқеа бўлди – дейди ДСҚ раиси Б.Мусаев. – Ушбу ташриф
самарали ва фойдали ўтишига ҳаракат қилдик. Мамлакатимизда солиқ сиёсатини
такомиллаштириш концепцияси қабул қилинганидан буён ўтган давр мобайнида солиқ
органларининг янги имижини яратиш, солиқ тўловчилар билан муносабатларни юқори
босқичга олиб чиқиш ва малакали хизмат кўрсатишга қаратилган кенг кўламли
ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Тожикистон делегацияси аъзоларининг
ташрифи давомида ДСҚ масъул ходимлари қатор тақдимотлар ўтказиб, Ўзбекистон
солиқ тизимини ривожлантириш бўйича эришилаётган натижалар ва режалар билан
ўртоқлашдилар.
Хусусан, ҚҚС маъмурчилиги, янги
таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши, хавфларни таҳлил қилиш тизими ва Маълумотларни
қайта ишлаш марказини модернизациялашга доир масалалар атрофлича муҳокама
қилинди.
Айниқса, ДСҚ раҳбарияти
томонидан автоматлаштирилган тизимларнинг кенг йўлга қўйилаётгани ва солиқ
тизимида бизнес-жараёнларни қайта кўриб чиқилаётгани қўшни давлат делегацияси
аъзоларининг алоҳида эътиборини тортди.
Хавфни таҳлил қилиш тизимининг
дастурий маҳсулотлари, электрон ҳисоб-фактуралар, онлайн назорат-касса
машиналари ва маркировкалаш каби чора-тадбирлар катта қизиқиш уйғотди.
– Ўзбекистон Республикаси Молия
вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси жамоасига самимий қабул ва солиқ тизими
билан самарали таништирув учун миннатдорлик билдириб қоламиз, – дейди интервью
давомида Тожикистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Карим Гулмуродзода.
– Биз солиқ тизимини
ривожлантириш стратегияси, концепцияси ва солиқ маъмуриятчилиги бўйича амалга
оширилаётган қатор янгиликлардан бохабар бўлдик. Бу ерда ўрганган айрим янги
ечимларни ўзимизда ҳам жорий этишни мақсад қилганмиз. Ўз навбатида, биз ҳам
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси жамоасини
Тожикистонда олиб бораётган ислоҳотларимиз билан яқиндан танишиш ва тажриба
алмашиш мақсадида юртимизга таклиф қилиб қоламиз, деди К.Гулмуродзода.
Учрашув якунида томонлар эсдалик
совғалари билан алмашиб, истиқболда самарали ҳамкорлик қилиш юзасидан қизиқиш
билдирдилар.
ДСҚ Матбуот хизмати