Аксарият одамлар қонуний хизмат кўрсатиш ёки маҳсулот ишлаб чиқаришни танламоқда. Икки ой ичида 370 412 нафар фуқаро иш билан таъминлашнинг янги форматига қизиқиш билдирди – бу куз бошига қадар рўйхатдан ўтган ўзини ўзи банд қилган шахслар сони.
Ҳар қандай хоҳловчи хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунинг учун SOLIQ мобил иловасини юклаб олиш кифоя (ҳозирча фақат Android тизимида мавжуд). Рўйхатдан ўтишнинг босқичма-босқич тартиби бу ерда.
Ўзини ўзи банд қилишнинг афзалликлари:
– меҳнат фаолияти натижасида олган даромадлар жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди;
– бир йилда бир марта ижтимоий солиқ тўлаш кифоя (2020 йил учун энг камида 111 500 сўм);
– ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.
Ўзини ўзи банд қилиш рақамларда:
104 697 нафар ўзини ўзи банд қилганлар маиший хизматларни (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқалар) танлади.
78 352 нафар ўзини ўзи банд қилганлар қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) соҳасида хизмат кўрсатмоқда.
66 449 нафар ўзини ўзи банд қилганлар ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасини нафар шахс маъқул топган;
61 423 нафар ўзини ўзи банд қилганлар саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) билан шуғулланмоқда;
52 462 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) соҳасида ишламоқда;
6 988 нафар ўзини ўзи банд қилганлар АКТ соҳасида (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) рўйхатдан ўтган.
ДСҚ Матбуот хизмати