Ўзини ўзи банд қилган шахс – мутахассислик ишлари билан шуғулланади, иш берувчига эга бўла олмайди ва ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди. Йилига бир марта ижтимоий солиқ тўлайди (2020 йилда камида 111,5 минг сўм). Уларга нафақа ва иш стажи ҳисобланади. Меҳнат фаолияти натижасида олган даромади учун жисмоний шахслардан олинадиган доромад солиғи олинмайди. SOLIQ мобил иловасида рўйхатдан ўтиш мумкин. Унда ўзини ўзи банд қилганлар фаолияти учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби юритилади.
20 июль ҳолатига 157 400 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олди.
Ўзини ўзи банд қилишда Бухоро вилояти ҳудудлар бўйича етакчи ўринда бораётганига қарамай, – 20,885 (+172) янги рўйхатдан ўтишда Хоразм вилоятида бошқа ҳудудлардан кўра йирикроқ натижа қайд этилди – 6 982 (+2 214). Наманган вилоятида ҳам кўрсаткичлар юқори – 20 145 (+1 602). Кейинги ўринларда Фарғона вилояти – 13 567 (+1 049) ва Тошкент вилояти – 11 778 (+836) бормоқда.
Ўзини ўзи банд қилганларнинг 67 фаолият тури олтита соҳа бўйича тақсимланган.
Рўйхатдан ўтишнинг дастлабки кунларидан бошлаб учта фаолият турига талаб катта бўлмоқда:
– Маиший хизматлар соҳасида (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) – 43 247 (16 июль ҳолатига солиштирганда +2 763) нафар шахс ўзини ўзи банд қилган;
– Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) билан – 32 395 (+ 2 705) нафар шахс машғул;
– Ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) билан – 25 400 (+ 2 124) нафар шахс банд;
– Саноат йўналиши бўйича хизматларда (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) – 26 935 (+ 2 148) нафар шахс банд бўлди;
– Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасига (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорлариша қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) – 27 054 (+1 280) нафар шахс мурожаат қилган.
– Ахборот комуникация йўналиши бўйича хизматлар (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) бир зайлда давом этмоқда– 2 391 (+179) нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.
ДСҚ Матбуот хизмати