Орамизда меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаса ҳам у ёки бу меҳнат билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Тикувчи, этикдўз, заргар, новвой, дурадгор, сартарошлар бунга яққол мисол. Ёки интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматларни кўрсатаётганлар ҳам талайгина.
Агар вақтинчалик меҳнат гувоҳномасига эга бўлмаса, яқингача уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилган эмас эди. Бу бугун аҳамиятли бўлмаслиги мумкин, бироқ эртага муаммо бўлиши аниқ. Чунки пенсия олиш учун меҳнат стажи талаб этилади. Аммо у бўлмаса-чи? Мана, муаммо нимада.
2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ҳам, ҳисобини юритиш ҳам бир мунча соддалаштирилди. Унга кўра, ўзини ўзини банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлар меҳнат стажига эга бўлади ва келгусида уларга пенсия ҳисобланади. Табиийки, бу яхши имконият ва ҳар томонлама қулайлик. Шу боис ўзини ўзи банд қилган юртдошларимизда қизиқиш ва интилиш ҳам шунга яраша тобора ортиб бормоқда.
Рўйхатдан ўтганларнинг умумий сони бўйича ҳудудлар кесимида Самарқанд вилояти етакчилик қилмоқда. Вилоятдаги кўрсаткич жорий йил 3 август ҳолатига кўра, 30 256 (+4361) нафарни ташкил этяпти.
24 475 (+772) нафар ўзини ўзи банд қилган шахслар эса Наманган вилояти ҳиссасига тўғри келади. Бу рақам пешқадамликнинг иккинчи поғонасини забт этиб турибди. Кейинги ўринларда Бухоро вилояти 21 659 (+239) нафар, Тошкент шаҳри 19 619 (+2809) нафар, Фарғона вилояти 17928 (+1308) нафар кўрсаткич билан фаоллик кўрсатмоқда.
Умуман, айни вақтга қадар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганларнинг умумий сони 205 минг 697 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахс мақомига эга бўлиш учун солиқ органига бориш шарт эмас. SOLIQ мобил иловаси орқали ёки my.soliq.uz порталида рўйхатдан ўтиш кифоя.
Наврўзбек АҲМЕДОВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси.