Давлат солиқ қўмитаси "Covid-19" пандемияси даврида Ўзбекистон аҳолиси ва бизнес вакиллари дуч келган муаммоларни ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказди.
“Карантин фаолиятингизга қандай таъсир кўрсатди” деган саволга сўровномада иштирок этган жисмоний шахсларнинг 35 фоизи тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқиши талаб қилинганини билдирган бўлса, 9 фоиз иштирокчи пуллик меҳнат таътилига чиққанлигини маълум қилган. Натижаларга кўра, 36 фоиз иштирокчи масофадан фаолиятини давом эттирган. 20 фоизи одатдагидек фаолият олиб борган.
Сўровнома натижаларига кўра, юридик шахсларнинг 55 фоизи фаолиятини вақтинча тўхтатган, 5 фоиз юридик шахс фаолиятига карантин сезиларли таъсир ўтказмаган. Сўровномада иштирок этган юридик шахсларнинг 6 фоизи онлайн тартибда иш олиб бораётганлигини билдирган.
Сўровномадан шунингдек нарх-навонинг асоссиз оширилиши билан боғлиқ саволлар ҳам ўрин олган. 61 фоиз иштирокчи нархларни ижобий баҳолаган.
Пандемия даврида давлатимиз раҳбарининг Фармонлари билан қатор солиқ имтиёзлари жорий этилди. Хўш, бу енгиллик ва имтиёзлардан туроператорлар қай даражада хабардор? Жавоблар қуйидагича:
86% хабардор
14 % хабардор эмас.
53 фоиз респондент ҚҚС ни қайтаришда муаммолар йўқлигини билдирилган бўлса, 16 фоизи ҚҚС тўловчиси эмаслигини, 31 фоиз иштирокчи эса муаммо мавжудлигини кўрсатиб ўтган.
Сўровномада иштирок этган 85 фоиз юридик шахслар пандемияга қарши кураш баҳонасида тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар бўлмаганини ижобий баҳолади.
Натижаларга кўра, солиқ маъмурчилигидаги янгиликлардан 1740 нафар юридик шахс хабардорлигини билдирган бўлса, 1306 нафари хабардор эмаслигини билдирган. Жисмоний шахслар ўртасида ўтказилган сўровномада эса, натижалар аксини кўрсатди, яъни керакли маълумотни топа олмаганлар сони 317 тани ва ижобий жавоб берганлар сони 260 тани ташкил этган.
Бу каби сўровномалар натижасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг солиқ мажбуриятларини бажаришларида юзага келаётган муаммолар ҳар томонлама ўрганилади. Уларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслик бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Давлат солиқ қўмитаси
Матбуот хизмати