Тошкентда соврин жамғармаси 1 млрд. сўм бўлган ютуқли чек ўйинларига старт берилди. Қандай чеклар ютуқли ўйинда иштирок этиши мумкин? Мисолларда тушунтирамиз.
Таққослаш учун:
1). Uzcard тўлов терминали чеки.
2). Humo тўлов терминали чеки.
3). Фискал хотирали НКМ чеки.
4). Онлайн НКМ ёки виртуал касса чеки –
айнан ушбу чеклар ютуқли ўйинда иштирок этиши мумкин.
Онлайн НКМ (онлайн назорат-касса машинаси) ёки виртуал касса чекининг энг асосий фарқи – бу чекларда QR код мавжуд эканлиги. Ҳақиқий чекда камида 30х30 миллиметр ҳажмли QR код бўлади. Уни сканер қилиб харид ҳақидаги маълумотларни билиш ва ҳақиқатда амалга оширилган харид билан солиштириш мумкин.
Диққат! QR кодлар (кичик ҳажмли) товар чекларида ҳам бўлиши мумкин, аммо улар онлайн НКМ ёки виртуал касса чеки ҳисобланмайди ва ютуқли ўйинларда иштирок этмайди.
Чекда ўқинг! Уларда қуйидагилар кўрсатилади: харид амалга оширилган савдо шохобчасининг номи (тадбиркорлик субъекти номи), сотиб олинган товарларнинг рўйхати, нархи, миқдори, чек ва касса рақами, шунингдек СТИР, тўлов санаси ва вақти, ҚҚС ставкаси ва миқдори, тўлов шакли (нақд пул, пластик карта ёки аралаш) ва бошқалар. Ушбу маълумотларга эга бўлмаган чеклар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ПФ-5813, 5-банд).
Ҳозирда онлайн НКМ ёки виртуал касса чеклари дорихоналар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализациясини амалга ошираётган савдо нуқталарида берилмоқда. Мамлакатнинг йирик ритейлерлари ҳам босқичма-босқич виртуал кассаларга ўтишни бошлаган (бу ҳақда каналларимизда маълум қиламиз).
Ютуқли ўйинларда иштирок этиши учун онлайн НКМ ёки виртуал кассанинг QR кодли чекини SOLIQ мобил иловаси ёрдамида ёки чекнинг 12 хонали фискал белгисини 1077 рақамига юбориб рўйхатдан ўтказиш керак.
Aгар онлайн касса билан жиҳозланган савдо нуқтасида Сиздан тўловни тўлов терминали орқали қабул қилган бўлса, тўлов терминали чеки билан бирга, ютуқли ўйинда иштирок этиши мумкин бўлган онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал касса чекини бериш шарт (ПФ-5813, 2019 йил 6 сентябрь).
Муҳим! Рўйхатдан ўтказилган чекка ютуқ чиққанда совринни олиш учун, уни бутунлигича сақлаш шарт!
Агар истеъмолчига чек бериш рад этилса, у Давлат солиқ қўмитасининг “ишонч телефони” – 71-244-98-98 га мурожаат қилиши мумкин. Солиқ кодекснинг 221-моддасига мувофиқ, чек беришни рад этиш 5 миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Чек талаб қилинг, рўйхатдан ўтказинг, уларни сақлаб қўйинг ва ютуқли ўйин иштирокчисига айланинг!
ДСҚ Матбуот хизмати