Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан карантин даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор енгилликлар берилди.
Бу енгилликлар вақтинча молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган ва солиқларни тўлаш имкониятига эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қўлланилади. Уларга солиқларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади. Буни амалга ошириш механизми Солиқ кодексида назарда тутилган. (97-модда)
Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ қарзларини мажбурий ундириш бошқармаси бошлиғи Нодир Эркаев ушбу имкониятдан фойдаланиш тартибини қуйидагича тушунтирди:
Кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш ўртасида фарқ бор. Кечиктириб тўлашда тўланиши керак бўлган солиқнинг тўлиқ суммасини тўлаш санаси белгиланган муддатдан кейинроққа кўчирилади. Бўлиб тўлашда эса ҳисобланган солиқ маълум муддат ичида бўлиб-бўлиб тўланади.
Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонига асосан берилган енгилликлар уч турдаги солиқларни тўлаш муддатларига таъсир қилади: мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ.
Ушбу ҳуқуқлардан қуйидагилар фойдаланиши мумкин:
– юридик шахслар (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари);
– Якка тартибдаги тадбиркорлар;
– Юридик шахсларнинг алоҳида бўлимлари.
Фармон билан жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача кечиктирилди. Бунда кечиктириш ҳуқуқини беришда ҳеч қандай ҳужжатлар талаб қилинмайди.
Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари учун кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи 6 ойгача бўлган муддатга, фоиз ундирмасдан солиқларнинг кўрсатилган турларидан бирига, шунингдек бир вақтнинг ўзида икки ёки учтасига тақдим этилади. (ПФ-5969, 19.03.2020 й. 7-банди.)
Солиқ тўлови муддатини кечиктиришни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали мурожаат қилиш йўли билан, давлат органларига керакли маълумотларни юборган ҳолда ташкил этиш мумкин.
Aризада қуйидагилар акс эттирилиши керак: кечикиш сабаблари (бўлиб-бўлиб тўлаш), уни тақдим этиш муддати, солиқ қарзининг миқдори (2020 йил 1 апрель ёки бошқа сана ҳолатига), шунингдек солиқ солинадиган объект жойлашган жой, ер майдони, кўчмас мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймат). Кутиш муддати – 30 кун.
Солиқ тўловчининг аризасини қабул қилгандан кейин масъул идоралар дарҳол унган солиқ тўлов муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тайёрлайди.
Солиқ органлари (ҳудудий давлат солиқ инспекцияси ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси) бир кун муддат ичида аризаларни кўриб чиқади ва уларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари котибиятларига тақдим этади. Улар ҳужжатни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига, Молия вазирлиги ҳамда ҳудудий солиқ органларига бир кун муддат ичида жўнатади.
Ҳудудий органлар ариза олинган кундан бошлаб беш кун ичида қўшма хулосани тақдим этади. Унда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган кечикиш (бўлиб-бўлиб тўлаш) сабаблари ва унинг кутилаётган харажатларга нисбатан маҳаллий бюджет даромадларига таъсири ҳисобга олинади. Бошқа ҳужжатлар талаб қилинмайди.
Якуний қарор маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинади. Қарор нусхаси бир кун ичида Солиқ тўловчига унинг шахсий кабинети орқали электрон кўринишда юборилади. Солиқ солиш объекти жойлашган ҳудудий органлар бундан автоматик равишда хабардор қилинади.
ДСҚ Матбуот хизмати.