#Ҳаёт_давом_этади
Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Нил гранит» МЧЖ жорий йилнинг биринчи чорагида 3 миллион 200 минг долларлик маҳсулот экспортини амалга оширди.
Товарларни экспорт қилишда қўшилган қиймат солиғи бўйича ноль даражали ставка қўлланилиши натижасида 1,5 млрд. сўм манфий қолдиқ ҳосил бўлган эди. Ушбу суммани қайтариш бўйича жамият мутасаддиларининг мурожаати ДСҚ томонидан тўла қаноатлантирилди.
Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган «Нил гранит» МЧЖ 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда 600 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. “Само” бренди остида ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларининг тури 200 дан ортган.
Маҳсулотларнинг деярли 90 фоизи Россия, Италия, Руминия, Молдовия, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
– Биз жорий йилнинг биринчи чорагида маҳсулотларимизни экспорт қилишда ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаган эдик, натижада 1,5 млрд. сўм манфий қолдиқ сумма ҳосил бўлди, – дейди корхона раҳбари Абдуваҳоб Маткаримов. – Ушбу суммани қайтариш юзасидан Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилдик. Мурожаатимиз ўз вақтида кўриб чиқилиб, ҳосил бўлган манфий қолдиқ сумма ҳисобимизга қайтарилди. Энди бу маблағларни фаолиятимизни кенгайтиришга, янги иш ўринларини яратишга сарфлаймиз.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотлари замирида тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кучайтириш, пировардида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли турмуш тарзини яхшилашдек эзгу мақсад мужассам.
Андижон вилояти ДСБ