Ўзбекистонда коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида солиқ юкини камайтириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли фармонида 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллашни тўхтатиш белгиланган.
Ушбу ҳужжат қабул қилинишидан аввал таъсир чоралари кечикиш муддатига боғлиқ эди. Яъни, операция бошлангандан 120 кун ўтгандан кейин, муддати ўтган дебитор қарздорлик миқдорининг 10, 20 ёки 70 фоизигача эквивалентида жарималар қўлланилар эди.
Солиқ органлари томонидан ушбу меъёрий ҳужжатга асосан 2542 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган 716,9 млрд. сўм миқдоридаги жарималар қўлланилмади.
Улар орасида «Marg`ilon Silk Vats» МЧЖ ҳам бор. Мазкур корхона Хитой Халқ Республикасига 200 минг доллар миқдоридаги ипак маҳсулотларини экспорт қилган. Aммо хорижий ҳамкорлардан маҳсулот учун пул маблағи ўз вақтида (2020 йил 12 январгача - 120 кун) келиб тушмади
Бу ҳолатда, 60 банк кунидан кейин (05.04.2020й.), тушмаган валюта маблағларининг 10 фоизи миқдоридаги дебитор қарздорлик учун жарима 191,1 миллион сўмни ташкил этарди. Аммо Президентимизнинг ПФ-5969-сонли Фармонига мувофиқ бу чора қўлланилмади.
Бунда муддат қандай ҳисобланади:
14.09.2019+120 кун=12.01.2020 – кечикиш содир бўлди
12.01.2020+60 банк куни (84 кун) = 05.04.2020 қўшимча муддат.
«Ravon Karvon» МЧЖ Хитой Халқ Республикасининг компанияси билан транспорт воситаларини олиб кириш бўйича 210 минг доллар миқдорида шартнома имзолади. Тўлов 2019 йил 3 июлда амалга оширилган, маҳсулот 2019 йил 30 декабргача (муддат - 180 кун ) қабул қилинмади ва қўшимча муддат (60 банк куни) тугаганидан сўнг, корхонага 199,9 миллион сўм миқдорида муддати ўтган дебиторлик қарздорлиги учун жарима хавфи туғилган, аммо бу қўлланилмади.
Бундай ҳолатда, муддат қуйидагича ҳисобланади:
03.07.2019+180 кун=30.12.2019 кечикиш содир бўлди.
30.12.2019+60 банк куни (84 кун) = 23.03.2020 й. қўшимча муддат.
Инқирозга қарши чоралар, шу жумладан, муддати ўтган дебиторлик қарзлари учун жарималарни бекор қилиш билан боғлиқ чора-тадбирлар иқтисодий тангликка бардош беришга ёрдам бермоқда.
Хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг молиявий қийинчиликлари юзасидан огоҳлантириши ва маблағларидан ўз мақсадлари учун фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Глобал иқтисодий хавфнинг ҳозирги шароитларида бундай қўллаб-қувватлаш ўта муҳимдир.
ДСҚ Матбуот хизмати.