Тадбиркорлар юртимизда ҳар жабҳада фаол, уларнинг фаолиятига кенг йўл очиб бериш ҳамда қўллаб-қувватлаш бугуннинг энг долзарб талабидир.
Жумладан, “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида солиқ хизмати ходимлари тадбиркорлик субъектларининг энг яқин маслаҳатчисига айланиб бормоқда.
Солиқ тўловчилар томонидан харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) билан реализация қилинган товар (ишлар,хизматлар) ўртасида ҳосил бўлган салбий фарқ суммасини тадбиркорлар ҳисобрақамига қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби улар учун яратилган шароитларнинг узвий давоми бўлди.
Нукус шаҳридаги «NUKUS TEXTILE» корхонаси асосий фаолият тури пахта хомашёсидан ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада ҳозирда 80 нафар ходим ишчи меҳнат қилмоқда. Тайёр ип-калавалар асосан экспортга йўналтирилади. Жорий йилнинг ўтган даврида биргина Хитой давлатига 1 197,5 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Ушбу корхона томонидан жорий йил январь-сентябрь ойларида ҚҚСга “ноль” ставка қўллаган ҳолда маҳсулот экспорти амалга оширилиши натижасида 370,6 млн. сўм миқдоридаги ҚҚС салбий фарқ суммаси ҳосил бўлди.
Корхона аризасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси томонидан 334,6 миллион сўм ҚҚС суммасини қайтариш учун хулоса чиқарилди.
Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасига жорий йил 14 августдан – 30 октябрь ҳолатига умумий миқдори 56,5 млрд. сўм бўлган 159 та ариза келиб тушди. Шундан 138 та ариза кўриб чиқилган бўлса, 21 таси кўриб чиқиш жараёнида. Ўрганиб чиқилган аризалардан 53 таси қаноатлантириш учун Молия вазирлиги Ғазначилигига юборилиб, cолиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақларига 23,3 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар қайтарилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ДСБ
Матбуот хизмати