Кейинги йилларда Ўзбекистонда яратилаётган қулай бизнес муҳити ва тадбиркорлик фаолияти учун берилаётган имтиёзлар халқаро ташкилотлар мутахассислари томонидан юқори баҳоланмоқда.
Хусусан, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгаллади ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг амалиётга жорий этилиши соғлом рақобатга асосланган, ҳалол бизнес муҳитини яратишда муҳим роль ўйнайди.
Жумладан, унда тадбиркорлик фаолияти ривожига бевосита таъсир этувчи қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни жорий этиш бўйича бир неча ўзгаришлар киритилди.
Хусусан, қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган манфий суммани қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди.
2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча сумма, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, солиқ тўловчиларга ҚҚСдан ҳосил бўлган манфий суммани 7 кун ичида банк кафолати билан қайтариб олиш имконияти берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 январга қадар ҚҚС бўйича манфий сумма қолдиғини қайтариб бериш фақатгина “0” даражали ставкани қўллайдиган экспортёрлар, коммунал хўжалик корхоналари ва халқаро йўналишларда ташиш хизматларини кўрсатадиганларга нисбатан қўлланилиб келинган.
Маълумот учун, мазкур тартиб
жорий этилиши натижасида 2020 йилнинг ўзида корхоналарга қўшимча равишда давлат
бюджетидан қарийб 2,0 трлн.сўм маблағ
қайтариб
берилади.
ДСҚ Матбуот хизмати