Aгар солиқ даври охирида ҚҚС бўйича ҳисобланган солиқ суммаси бюджетга тўлаш учун ҳисобга олинган солиқ суммасидан кўп бўлса, унда ҚҚСни қоплаш (қайтариш) билан боғлиқ вазият юзага келади. Ушбу маблағларни солиқ тўловчи ўзига қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
Солиқ даври учун ҳисобланган сумма ҳисобга олинган ҚҚС суммасидан ошиб кетиши ҳали ҚҚСни қоплаш (қайтариш) кафолати эмас. Бу 2020 йил 14 августда Вазирлар Маҳкамасининг 489-сонли қарори билан киритилган қонунчилик даражасида белгиланган тартибдан ўтиш керак.
Янги тартибга кўра, қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш (қайтариш)ни кўриб чиқиш масаласи, шунингдек кўрсатилган суммани қоплаш (қайтариш) тўғрисида якуний қарор қабул қилиш солиқ тўловчининг ҳисобга олинган жойидаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар учун эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясида амалга оширилади. Бошқача айтганда, давлат солиқ инспекциялари бу вазифани бажармайди.
Биринчи қадам: ДСБ (ёки Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси)га ариза келиб тушади.
Иккинчи қадам: ариза берилган кундан бошлаб 7 кундан ёки 60 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Тезлаштирилган тартибда (7 кундан кечиктирмай) йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга, экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига ("0" ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчиларига қайтарилади.
Бошқа барча солиқ тўловчиларга 60 кундан кечиктирмай қайтарилади – бу солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки уларндан ортиқча ундирилган қўшилган қиймат солиғини қоплаш (қайтариш)нинг умумий тартибидир.
Август ойи бошидан Давлат солиқ хизмати органларига умумий миқдори 1 443,9 млрд. сўм бўлган 1 063та ариза келиб тушди. Шундан 250 та ариза қаноатлантириш учун Молия вазирлигига юборилди. Солиқ тўловчиларга 1 074,8 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар қайтарилади.
Солиқ тўловчилар диққатига!
ҚҚСни қоплаш (қайтариш) билан боғлиқ муаммолар юзага келганда қайта алоқа учун Давлат солиқ хизмати томонидан Telegram-бот яратилди. Энди @qqs_qaytarish_bot манзили орқали мурожаат йўллаш, шикоят қилиш ва муносабат билдириш мумкин. Корхона номи, СТИРи ва мурожаатни қабул қилувчи солиқ органини кўрсатишни унутманг!
Давлат солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори!
ДСҚ Матбуот хизмати