Давлат солиқ қўмитаси қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қочиш “схема”ларига қарши бошланган фаол курашиш ҳаракатларини айрим, қўштирноқ ичидаги нуфузли экспертлар томонидан “фақат гумон ва мутлақо қуруқ гап” ёки “бариси ҳеч қандай исбот билан тасдиқланмаган фаразлар” – деб ижтимоий тармоқлар орқали билдираётган баёнотларининг асоссиз эканлигини маълум қилади.
Солиқ органларининг ҳаракати жуда мантиқий, изчил, амалдаги солиқ қонунчилигида (Солиқ кодексининг 14,15, 266-моддалари) белгиланган ва бозорда тенг рақобат шароитини яратиш орқали ҳалол-пок тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Жумладан, қўлланилаётган нормалар халқаро солиқ маъмурчилигида кенг фойдаланилиб, Солиқ кодексига Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Россия Федерацияси экспертлари таклифи билан киритилган.
Шунингдек, солиқ органларининг ёндашуви тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашмаслик тамойилига асосланиб, алоқасиз усулларни жорий этиш, таҳлил ва инсон омилисиз 64 та мезонга асосланган “Хавфларни таҳлил қилиш” автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилмоқда.
Унинг натижаси билан айнан 400 мингдан ортиқ фаол солиқ тўловчилардан бор-йўғи, дастлаб 396 та ва кейинги босқичда 129 та “шубҳали” фирма саралаб олинди.
Ўтказилган камерал назорат натижалари ушбу “шубҳали” фирмалар билан ишлаган ҳар бир субъектнинг қалбаки ҳужжатлари ортида товарларни сотиш ёки хизматлар кўрсатиш каби ҳақиқий ҳолатлар мавжуд эмаслигини исботлади.
Жумладан, солиқ фирибгарлиги билан шуғулланган “шубҳали” фирмалар билан товарсиз операцияларни амалга ошириш орқали ҚҚС суммаларини бюджетга тўланмаганлиги ҳолатлари 97 фоизи ёки 7 486 та корхонада (780 млрд. сўм) тўлиқ миқдорда, 97 тасида эса (12,1 млрд. сўм) қисман тасдиғини топди. Фақатгина 256 та солиқ тўловчи (30,7 млрд. сўм) асословчи ҳужжатлар тақдим эта олдилар. (2021 йил 2 март ҳолатига)
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш каби бундай фирибгарлик тенг рақобатга ва юртимизнинг иқтисодий-ижтимоий равнақи, Давлат бюджети даромадларининг шаклланишига салбий таъсир қилади.
Шу муносабат билан солиқ органлари ҳалол-пок тадбиркорларни ноқонуний схемаларга аралашиб қолмасликка чақирган ҳолда, самарали солиқ назорати орқали ҳар қандай ҳуқубузарликларни аниқлаш ва бартараф этишни кафолатлайди.
Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати