ЎзА расмий сайти ва бошқа ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда солиқ хизмати органи ходими истеъмолчиларга харид чеки тақдим этмаган субъект ҳақида маълумот берган фуқарони “самосуд” қилган шахсларга бошчилик қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Давлат солиқ қўмитаси ушбу хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Хабарда ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Тергов суриштирув ҳаракатлари якуни билан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилгандан кейин солиқ органи ходимига қонунчиликда назарда тутилган тартибда чоралар кўрилади.
Давлат идоралари ходимлари ҳақида якуний натижалари маълум бўлмаган хабарларни тарқатиш аҳолида давлат хизматчиларига нисбатан ишончсизлик келтириб чиқаради. Қолаверса, бутун тизим имижига салбий таъсир этади. Шуни инобатга олган ҳолда ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асосланмаган ва якуний натижаси маълум бўлмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз.