Давлат солиқ қўмитасида Халқаро
валюта жамғармаси эксперти Лоуренс Дуайт билан учрашув ўтказилди. Муҳокама
мавзуси солиқ ислоҳотлари ва маъмуриятига бағишланди.
Меҳмонларга Ўзбекистон
Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан солиқ соҳасида амалга
оширилаётган ислоҳотлар, бу борада эришилаётган дастлабки натижалар ҳамда 2020
йил учун прогноз параметрлари хусусида сўзлаб берилди.
Жумладан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб,
ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга, мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилгани,
3,2 фоизли корхона айланма маблағларидан тўланадиган солиқ, 8 фоизли суғурта бадали
бекор қилингани, 22 фоизгача ўзгарувчан шкаладаги даромад солиғи ўрнига 12
фоизли ягона ставка белгилангани қайд этилди.
Энг муҳими, бизнес субъектлари солиқ
ислоҳотларини қўллаб-қувватлади. Бунга жорий
йилнинг 10 ойи давомида 91 мингдан ортиқ янги корхоналар ташкил этилгани ёрқин
далилдир. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ошди.
Солиқ органлари норасмий
ишчиларни легаллаштириш борасидаги амалий чора-тадбирлари натижасида жорий
йилнинг 10 ойи давомида 736 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар фаолияти
қонунийлаштирилди. Ставкаларнинг пасайишига қарамай, жорий йилнинг 10 ойида бюджетга
солиқ тушумлари 1,6 баробарга кўпайди.
Замонавий солиқ
маъмуриятчилигини жорий қилиш, соҳага IT-технологияларни кенг татбиқ этишга
алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон
ҳисоб-фактуралар, онлайн назорат-касса машиналари, акцизости товарларни
маркировкалаш жорий этилмоқда. Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳисобига
солиқ базасини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Эксперт Лоренс Дуайт
Президентимиз раҳбарлигида солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантириш
учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашувда хуфиёна иқтисодиётга
қарши курашиш, норасмий ишчилар фаолиятини қонунийлаштириш ва тадбиркорларни
шаффоф бизнес юритиш учун жалб қилиш йўллари хусусида фикр алмашдилар.
ДСҚ Матбуот хизмати