«Ҳаёт давом этади»
Юртимизда жорий этилган карантин сабабли айрим чекловлар ўрнатилган бўлсада, бу ҳол йирик саноат корхоналаридаги узлуксиз ишлаб чиқариш жараёнларига ўз таъсирини ўтказаётгани йўқ. Корхоналар фаолияти карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда бир маромда давом этмоқда.
Хусусан, «Навоийазот» ва «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятларида ҳам ишлаб чиқариш жараёнлари барқарор йўлга қўйилган.
Тўққиз ярим минг нафардан ортиқ меҳнат жамоасига эга бўлган «Навоийазот» акциядорлик жамиятида ҳар куни эрталабдан корхонага кириш эшиги ва ҳовлиси махсус автомашиналарда дезинфекция қилинмоқда.
Кириб-чиқишда ишчиларнинг ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалар билан зарарсизлантирилгач, барча ўз юмушини бажаришга киришади. Бу жараён кунлик назоратга олиниб, корхонанинг асосий бойлиги саналган ишчи- мехнаткашлар соғлиги биринчи ўринга қўйилган.
Яқиндагина ишга туширилган Поливинилхлорид ишлаб чиқариш мажмуасида ҳам жараён қизғин давом этаётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Хитой Халқ Республикасининг нуфузли компаниялари билан биргаликда фаолияти йўлга қўйилган ушбу корхонанинг лойиҳа қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, комплекс Республикамиз учун янгиликдир. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши кимё саноатида экспорт ҳажмини ошириш билан бирга, 650 нафар маҳаллий ёшларнинг бандлигини таъминлади.
– Корхонамиз иш бошлаган даврдан бугунга қадар 7 минг 800 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди, – дейди «Навоийазот» акциядорлик жамияти Поливинилхлорид ишлаб чиқариш мажмуаси директори ўринбосари Камолиддин Асадов. – Хусусан, корхона маҳсулотлари автомобиль саноати, енгил саноат ва бошқа тармоқларда фойдаланилади. Эндиликда, маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини янада оширишни мўлжаллаяпмиз.
Мамлакатимизнинг энг йирик цемент ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланган «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятида 3,5 минг нафардан ортиқ ишчи-хизматчилар меҳнат қилаётган бўлиб, бугунги пандемия даврида уларнинг саломатлигига биринчи галдаги масала сифатида қаралмоқда. Корхонада ходимларнинг унумли меҳнат қилишлари ва фаровон турмуш кечиришлари учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган.
– Пандемия даврида ҳам иш маромини сусайтирганимиз йўқ, – дейди «Қизилқумцемент» акциядорлик жамияти бош директорининг биринчи ўринбосари Абдуқаҳҳор Саломов. – Корхонамизда қурилишбоп маҳсулотлар – цемент, оҳак, темирбетон ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида 4-технологик линиянинг ишга тушиши билан яна қўшимча 30 та иш ўрни яратилади.
«Навоийазот» АЖ томонидан жорий йилнинг 1-чорагида давлат бюджетига 2 миллиард 400 миллион сўм ҚҚС тўланган бўлса, «Қизилқумцемент» АЖ томонидан ушбу даврда 81 млрд. 743 млн сўм миқдорида солиқлар тўланган.
Айтиш лозимки, айни шароитда корхоналарнинг карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда барқарор фаолият юритиши унда хизмат қилаётган минглаб ходимларнинг оилалари фаровонлиги демакдир.
Навоий вилоят ДСБ матбуот хизмати