Тадбиркорлар ва аҳоли орасида қонуний бизнес юритишнинг нуфузини ошириш ҳамда “ҳалол” тадбиркорликни қўллаб-қуватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан фаолиятида солиқларни тўлашдан қочишнинг турли хил схемаларидан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилган “Шубҳали” корхоналар рўйхати янгиланмоқда.
Солиқ тўловчилар ўз фаолиятлари давомида лозим даражада эҳтиёткор бўлишларига кўмаклашиш мақсадида, шубҳали корхоналардан иборат янгиланган рўйхат Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Дастлабки уч босқичда аниқланган 578 та шубҳали корхона қаторига тўртинчи босқичда яна 96 та корхона киритилди.
Дастлабки таҳлилларга кўра, мазкур 96 та шубҳали корхона билан иқтисодий алоқага кирган контрагентлар сони 1 347 тани, улар томонидан амалга оширилган товар айланма 541,3 млрд. сўмни, шундан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 80,6 млрд. сўмни ташкил этган. Мазкур шубҳали корхоналар ҳисоб рақамлари ёпилиди ва уларнинг конрагентларига хабарномалар жўнатилди.
Дастлабки босқичларда “шубҳали” деб топилган 578 та корхонанинг солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича ўтказилган солиқ текширувлари натижасида 7 та корхонада, аниқланган камчиликлар, шу жумладан “шубҳали” деб топилишига асос бўлган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилди. Шу боис, мазкур корхоналарни “Шубҳали” корхоналар рўйхатидан чиқариш тўғрисида хулоса қилинди. Эндиликда уларнинг сони 667 тани ташкил этмоқда.
Бугунги кунда 667 та “Шубҳали” корхоналар конрагентларида 98,1 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти тасдиқланди.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 11 май ҳолатига республикамиз бўйича жами 12 786 та корхонада 1 424,9 млрд. сўмлик асоссиз ҳисоб (зачет)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланди.
Натижада:
– 12 539 та, яъни 98,1 фоиз корхонада (1 349,4 млрд. сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
Шундан, 2 910 таси 138,4 млрд.сўмга ихтиёрий равишда қайта ҳисобот тақдим этди.
102 таси (0,8 фоизи) 24 млрд.сўмга қисман тасдиғини топди;
247 таси (1,9 фоизи) 51,5 млрд. сўмга асословчи ҳужжатлар тақдим этилганлиги учун ундирилган маблағлари қайтариб берилди.
Шунингдек, камерал солиқ текширувлари натижаси билан яна бир бор, хабарнома орқали етказилган огоҳлантиришларда қайд этилган хатоликлар тасдиғини топган бўлсада, тадбиркорлик субъектларини узлуксиз фаолият кўрсатишларига шароит яратиш мақсадида, ушбу камчиликларини тан олган 680 та субъектларга 81,7 млрд. сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил декабрь ойига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди.
Давлат солиқ қўмитаси
Матбуот хизмати