Сирдарё вилоятидаги айрим бозорлар ва савдо комплексларида маҳсулотларнинг нархлари қандай? Аҳолининг талаби юқори бўлган, ун, ўсимлик ёғи, картошка ва бошқа сабзавотларнинг нархларида ўзгариш борми? Асоссиз ошириш ҳолатларига йўл қўйилганми? Бу борада аҳолининг кайфияти қандай?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида вилоят марказидаги ва чекка ҳудудлардаги савдо нуқталарига ташриф буюрдик ҳамда мавжуд ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилдик.
Гулистон шаҳрининг Марказий деҳқон бозорида ҳар доимгидек мўътадил жараён. Янги картошка ва пиёз чиқмаган бўлсада, расталар ушбу маҳсулотлар билан тўла. Саросимада уларни қоплаб ҳарид қилаётган харидорлар кўринмайди, аксинча аҳоли кундалик эҳтиёжи учун қанча керак бўлса шунча миқдорда олишмоқда. Ун, ёғ, гуруч, тухум ва шу каби ҳар куни керак бўладиган маҳсулотлар ҳам дўконда етарли даражада, навбатда турганлар кўринмайди.
Сайхунобод тумани деҳқон бозори ва “Sayxun Planet” савдо мажмуаси
Янгиер шаҳар деҳқон бозори
Мазкур бозорда маҳсулотларнинг тақчиллиги сезилмайди. Асоссиз миш-мишларга берилиб, нархларни сунъий ошириш ҳолатлари кузатилмайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини керагича харид қилсангиз бўлади, ҳеч қандай чеклов ёки тақчиллик мавжуд эмас. Бозорда харидорлар одатдагидан кам.
Сардоба тумани “Пахтаобод деҳқон бозори”
Сардоба тумани вилоят марказидан энг олисда жойлашган туманлардан биридир. Бу ердаги Деҳқон бозори катта эмас. Лекин тўкин-сочинликда марказ бозорларидан қолишмайди. Мазкур бозорда ҳам харидорлар деярли кўп эмас. Нархларнинг ошганлиги кузатилмайди.
Бозордаги қишлоқ маҳсулотларининг 2 апрель куни кузатилаётган нарх-навоси:
1 кг картошка – 3000-4000 сўм;
1 кг пиёз – 1500-2500 сўм;
1 кг сабзи – 1000-1500 сўм;
1 дона тухум – 550-800 сўм;
1 кг гуруч – 5000-12000 сўм.
Айтиш жоиз, барча бозорларда картошка, пиёз, сабзи каби сабзавотлар деҳқонлар томонидан мунтазам олиб келинмоқда, бозорнинг ўзида ташкил этилган захирани ишлатишга ҳожат йўқ.