#Ҳаёт_давом_этади
Сирдарё вилоятида 11 мингдан ортиқ юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. “SARBONTEKS“ масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона уларнинг биридир. Мазкур корхонада бугунги кунларда аҳоли учун жуда муҳим бўлган тиббий боғлов воситалари, тиббий ҳимоя ниқоблари ишлаб чиқарилмоқда.
Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда 198 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада бир кунда ўртача 40 минг дона бинт, 14 400 дона ёки 800 кг. тиббиёт пахтаси, 32 000 дона бошқа турдаги маҳсулотлар, жумладан 2 000 донадан ортиқ тиббий ҳимоя ниқоблари ишлаб чиқарилмоқда. Қайд этиб ўтиш жоизки, юртимизда коронавирус пандемияси аниқланган даврдан то бугунги кунга қадар бу ерда 120 минг дона тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқарилди.
- Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинаётган фармонлари биз тадбиркорларга жуда катта имкониятлар яратмоқда - дейди корхона рахбари Баходир Юлдашов, - натижада ўтган йилда 883,3 минг, 2020 йилнинг шу бугунги кунигача 361,1 минг, жами 1 млн. 244 минг АҚШ доллари миқдорида корхонамизда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия каби давлатларга экспорт қилинди.
Корхона даромади ҳам шунга яраша бўлиб, бу йил ҳам ишлаб чиқариш суръатларини бир неча баробарга оширишни режа қилганмиз.
Корхона давлат бюджетига 2019 йилда 335,9 млн.сўм солиқлар тўланган бўлса, 2020 йилнинг I-чорагида қарийиб 174 млн.сўм тўловлар амалга оширди.
Албатта карантин даврида корхона фаолиятида ишчи ходимларни ташиш, тайёр маҳсулотларни ҳаридорларнинг ўз транспортида олиб кетишда баъзи муаммолар пайдо бўлган. Лекин Президентимиз 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ҳамда карантин бўйича чекловларни босқичма-босқич юмшатиш бўйича кўрсатган ташаббуслари ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини янада жонлантирди.
Сирдарё вилояти ДCБ
Матбуот хизмати