Ҳеч бир янги тизим жамият токи унга мослашиб олмагунга қадар қийинчиликлардан холи бўлган эмас. Айниқса, у ривожланишни ортга сурадиган хуфиёна иқтисодиёт, коррупция, қоғозбозлик каби иллатларни камайтиришдек катта мақсадларни кўзлаган бўлса, натижага эришиш учун кўп меҳнат ва албатта, вақт талаб этилиши тайин.
Маълумки, жорий йил бошидан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар жараёнига онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Аммо айрим тадбиркорлик субъектларини ҳамон кўпгина саволлар қизиқтираётгани, ўйлантираётгани табиий. Чунки жараён тубдан ўзгармоқда. Назорат-касса дафтарини юритиш, ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш каби ортиқча вақт ва меҳнат талаб этадиган мажбуриятлар энди йўқ. Сотувлар тарихини яратиш, кассир-ходимларни назорат қилиш сингари юмушларни ҳам онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар бажаряпти.
Бундай қулайлик ва афзалликлар самараси алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятида янада яққол сезилаётгани аниқ. Негаки, улар 2020 йил 1 январдан смарт кассалардан фойдаланишни бошлаб берди.
Фискал маълумотлар оператори – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказига бугунги кунгача 22 600 та смарт кассалардан 4 млн.дан ортиқ чекларда 1 трлн. 229 млрд. сўм пул маблағлари қайд қилинганлиги тўғрисида маълумотлар келиб тушди.
Онлайн-НКМ ёки виртуал кассаларни қўллаш бўйича рақамлар сони ва қамрови янада ортадиган фурсатлар тобора яқинлашмоқда. Сабаби, қонунчиликка кўра, ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари шу йилнинг 1 августгача мазкур янги тизимга ўтади.
2021 йил 1 январдан эса йил якунлари бўйича йиллик тушуми юз миллион сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жорий этилади. Қолган барча тадбиркорлик субъектлари учун бу муддат 2022 йил 1 январь этиб белгиланган.
Жорий йилда смарт кассалардан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари учун уни харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар суммасини кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи берилди. Бунда камайтириш миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаслиги керак. Мазкур имтиёз фақат 2021 йил 1 январгача амал қилади. Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Виртуал касса”нинг базавий қисми бепул тақдим этилади. Бошқача айтганда, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал касса ўрнатиш тадбиркор учун ортиқча харажат эмас, ҳар томонлама фойда.
Ҳозирда 5 турдаги онлайн-НКМ, 6 турдаги виртуал кассалар ва 10 та ТХКМ Давлат реестрига киритилди. Уларнинг тўлиқ рўйхати Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz расмий сайти ҳамда “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг ofd.uz сайтида жойлаштирилган. Ҳар бир модель ва версия ўзига хос афзалликларга эга. Жумладан, бухгалтерлик дастурлари билан ўзаро алоқаси, мавжуд ва реализация қилинган товарлар ҳисобининг автоматлаштирилиш даражаси билан бир-биридан фарқланади. Тадбиркорлик субъектлари мана шу жиҳатларга эътибор қаратган ҳолда ўз хоҳишларига кўра, улардан исталган бирини сотиб олиши мумкин.
Элнор ФОЗИЛОВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг
Онлайн назорат-касса машиналари, виртуал кассалар ва
фискал модулларни жорий қилиш бўлими мутахассиси.
Қуйидаги маълумотлар онлайн назорат-касса машиналари танловини янада осонлаштиради.
Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМнинг таққослама жадвали