Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари нафақат солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишда, балки спортда ҳам яхши кўрсаткичларга эга бўлиб бормоқда.
Бу Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сон Фармони ижроси юзасидан йўлга қўйилган тизимли ишлар натижасидир.
Жорий йилнинг 28 март куни тизимда фаолият юритаётган ходимлар ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича ўтказилган «Давлат солиқ қўмитаси Раиси кубоги» спорт тарғибот тадбирларининг навбатдагиси бўлди.
Мусобақада Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати тузилмалари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази ходимларидан иборат жами 16 та жамоа иштирок этди.
Спорт ва соғлом турмуш тарзига онгли муносабат, жисмоний маданиятга ошнолик руҳи солиқ хизмати органларида фаолият юритаётган барча жамоа вакилларининг муросасиз курашларида ҳам акс этди.
Турнир финалига қадар барча рақибларини мағлубиятга учратган «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази ва Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти жамоалари етиб келди.
Кескин курашларга бой ўтган финал учрашувида «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази жамоаси Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти вакилларини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб «Давлат солиқ қўмитаси Раиси кубоги» соҳиби бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар тақдим этилди.
Шунингдек мусобақада алоҳида фаоллик кўрсатган ўйинчиларга «Мусобақа тўпурари», «Энг яхши ҳужумчи», «Энг яхши дарвозабон», «Энг яхши ҳимоячи», «Энг яхши жамоа сардори» номинациялари ғолибларига ҳам диплом ва совғалар топширилди.
ДСҚ Матбуот хизмати