Фарғона вилоятининг Сўх туманида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари жорий этилди.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этди.
Қарорда татбиқ этилиши назарда тутилган солиқ имтиёзларини 2 тоифага ажратиш мумкин.
Биринчиси, бу бевосита Сўх туманидаги барча оилаларга ёки хонадонларга тааллуқли дейиш мумкин. Яъни, фуқаролар ёки жисмоний шахслар 2020 йилда тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.
Ушбу икки солиқ тури бўйича берилган имтиёздан тумандаги 14 300 та мол-мулк ва ер солиғи тўловчилари фойдаланади. Натижада йиллик ҳисобда Сўх тумани аҳолиси ихтиёрида 2,3 млрд. сўм маблағлар қолади (1 та объект учун ўртача 200-250 минг сўм).
Бунда имтиёз Давлат солиқ қўмитаси махсус дастурий маҳсулотларига тегишли ўзгартириш киритилган ҳолда, марказлашган тартибда барча мулк эгаларига бирдек татбиқ этилади.
Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун фуқаролардан ҳеч қандай ҳужжатлар ёки солиқ идорасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Иккинчиси, бевосита тадбиркорлик билан боғлиқ имтиёз.
2020 йил 1 августдан 2021 йил 31 июлга қадар тумандаги якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини амалдаги қатъий белгиланган солиқ суммасини 50 фоизга камайтирган ҳолда тўлайдиган бўлди (Чакана савдо-200 минг сўм, бошқа фаолиятлар 50 минг сўм).
Энди Сўх туманида чакана савдо билан шуғулланадиган ЯТТ 2021 йил 31 июлга қадар ҳар ойда 200 минг сўм ўрнига 100 минг сўм қатъий белгиланган суммасида ЖШОДС тўлайди. Бошқа соҳаларда эса атиги 25 минг сўм тўлайди.
Ушбу солиқ имтиёзларидан туманда 318 нафар ЯТТ фойдаланиши мумкин. Йиллик ҳисобда ушбу қатъий солиқ суммаси 498 млн. сўмни ташкил этади.
Солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланиши натижасида жорий йилнинг август-декабрь ойларида 110 млн. сўм маблағ тадбиркорларнинг ихтиёрида қолади. Кейинги йилда бу миқдор 250 млн. сўмдан зиёд бўлади.
Бундан ташқари, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғимни тўлашдан озод қилинди.
Маълумот учун: Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш –Тошкент шаҳри учун. 1 200 000 сўм, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари 1 000 000, бошқа шаҳарлар 800 000, бошқа аҳоли пунктлари (шу жумладан Сўх тумани) учун 600 000 сўм.
ДСҚ Матбуот хизмати.