Давлат солиқ
қўмитаси томонидан “Давлат солиқ
хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган
солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги Низом” лойиҳаси
тайёрланиб, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (https://regulation.gov.uz/uz/document/10194) жойлаштирилди.
Ушбу тартиб солиқ
органи томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида ўтказиладиган солиқ назорати
жараёнини қайд этиш учун видеотасвирга олиш мақсадида жорий қилинмоқда.
Низом
лойиҳасига кўра, солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирида солиқ
тўловчиларга қарашли муайян тартибга бўйсунувчи объектларни видеотасвирга олиш
қонунчиликда тақиқланмаган ҳолларда амалга оширилади.
Солиқ органи
томонидан солиқ тўловчи тўғрисида олинган ҳар қандай маълумот солиқ сирини
ташкил этади (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Солиқ
органига келиб тушган, солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар сақлаш ва
фойдаланишнинг махсус режимига эга бўлади.
Низом
лойиҳасида назорат тадбирини видеотасвирга олиш жараёнида солиқ тўловчилар ва
уларнинг вакиллари, солиқ органининг мансабдор шахслари, иштирокчи сифатида қатнашадиган
бошқа шахслар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги қайд этиб ўтилган.
Шу билан бирга,
солиқ органи томонидан қандай ҳоллардаги назорат тадбирлари видеотасвирга
олиниши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, назорат тадбирини
видеотасвирга олиш солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган
ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда амалга оширилиши келтириб
ўтилган.
Солиқ органи томонидан ўтказилаётган
назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олишда солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари,
шунингдек, бошқа шахслар томонидан тўсқинлик қилинганда ва қаршилик
кўрсатилганда солиқ органи ходими мазкур ҳолат юзасидан далолатномани
(баённомани) расмийлаштириб, тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш
органлари вакилларини назорат тадбирида иштирок этиш учун жалб қилишга ҳақли.
ДСҚ Матбуот хизмати