2020 йилдан амалиётга жорий этилган Солиқ кодекси кейинги йилларда мамлакатимиз солиқ сиёсатида юз бераётган ижобий ўзгаришларни жаҳон стандартларига ҳамоҳанг равишда давом эттиришда муҳим ҳужат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур кодексни ишлаб чиқишда республикамизнинг бир қатор етакчи ОТМлари профессор-ўқитувчилари билан бирга, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари, Жаҳон банки мутахассислари жалб этилди.
Ҳар бир янги норма киритилишида халқаро стандартларга алоҳида эътибор қаратилди. Солиқ аудитини ўтказиш тартибларини киритишда ҳам хорижий экспертлар тавсиялари инобатга олинди.
Жорий йилнинг 30 июнь куни солиқ аудити ўтказиш тартибини амалиётга татбиқ этиш мақсадида, “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат Адлия вазирлигида 3251 рақами билан рўйхатдан ўтказилди.
Тасдиқланган низом давлат солиқ органлари томонидан юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчиларда солиқ аудитини ўтказиш тартибини белгилайди.
Солиқ аудити солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш йўли билан ўтказилади.
Солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:
- солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими (“Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсулоти) орқали аниқланган, юқори даражадаги солиқ хавфи (таваккалчилик) мавжуд бўлган бўлган солиқ тўловчиларда;
- камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган, аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки асосномалари етарли эмас деб топилган юқори даражадаги (таваккалчилик) солиқ хавфи мавжуд бўлган солиқ тўловчиларда;
- ихтиёрий тугатилаётган юридик шахслар ва фаолиятини ўз ташаббуси билан тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларда;
- жиноий иш қўзғатилган солиқ тўловчиларда;
- аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган солиқ тўловчиларда.
Солиқ аудити солиқларни (йиғимларни) тўламаслик хавфи даражасидан келиб чиқиб, олдиндан хабардор қилиш ва хабардор қилмасдан ўтказиладиган тоифаларга ажратилади.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган солиқ тўловчиларда солиқ аудити уларни олдиндан хабардор этмасдан бошланади.
Солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари Солиқ кодексининг 223 ва 224-моддаларига асосан аниқланади.
Солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлмаган солиқ тўловчиларга солиқ органи солиқ аудити бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади.
Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.
Солиқ аудити 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор қилиш орқали ўтказилади.
Солиқ аудити натижалари солиқ органлари томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.
ДСҚ Матбуот хизмати