Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарори билан солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари белгиланди.
Ўзбекистон солиқ қонунчилиги солиқ тўловчиларга (ёки уларнинг солиқ агентларига) солиқлар ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ва ўз вақтида тўлаш мажбуриятини юклайди.
Афсуски, аксарият ҳолларда турли сабабларга кўра, солиқ мажбуриятлари бажарилмай қолади. Масалан, солиқ ҳисоботларини тўлдиришда вақти-вақтидаги хатоликлар бўлиши мумкин. Баъзан эса айрим инсофсиз солиқ тўловчилар солиқ тўлашдан атайин бўйин товлашга уринганда.
Солиқ хавфларини таҳлил қилиш солиқ ҳуқуқбузарликларини аниқлашда ёрдам беради. Бундай таҳлил, шунингдек натижаларни баҳолаш “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” (Таҳлика-таҳлил) автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти ёрдамида амалга оширилади.
Ушбу дастур ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Давлат солиқ қўмитаси томонидан Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 1-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ жорий этилди. Дастур солиқ органларининг ички ва ташқи маълумотларини умумлаштирган ҳолда автоматик режимда ишлайди.
Дастурдан кутилаётган асосий натижа – бу солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш бўлиб, кичик хато ва камчиликларга йўл қўйган солиқ тўловчиларга уларни тўғрилашга ёрдам беришдир.
Дастур қандай ишлайди?
Дастур қонун ҳужжатларида тақиқланмаган турли манбалардан олинган маълумотларни таҳлил қилади. Масалан, солиқ ва молиявий ҳисоботлар, солиқ тўловчиларнинг шахсий ҳисобварақлари карталарида акс эттирилган маълумотлар, ўтказилган солиқ текширувлари материаллари, жисмоний ва юридик шахсларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик фактлари тўғрисида гувоҳлик берадиган мурожаатлар, статистика органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар.
Дастур орқали солиқ хавфи даражаси солиқ хавфи мезонлари асосида 1 дан 100 гача балл бериш йўли билан аниқланади. Бунда, солиқ тўловчиларни сегментлаш қуйидагича тоифаланади:
- 81 баллдан 100 баллгача тўплаган солиқ тўловчилар - юқори хавф (қизил йўлак) ҳисобланиб, уларга солиқ аудити тайинланади;
- 30 баллдан 80 баллгача тўплаган солиқ тўловчилар ўрта хавф (сариқ йўлак) бўлиб, уларга камерал солиқ аудити тайинланади;
- 1 баллдан 29 баллгача тўплаган солиқ тўловчилар паст хавф (яшил йўлак) бўлиб, уларга назорат тадбири тайинланмайди.
Натижада солиқ мажбуриятини бажармаслик ва (ёки) тўлиқ бажармаслик эҳтимоли аниқланади. Бундай эҳтимол, яъни таҳликали ҳолат бюджетга солиқлар ва йиғимлар тўланмаслигига ва (ёки) тўлиқ тўланмаслигига олиб келиши мумкин.
Тахлилий маълумотлар солиқ хавфи даражасига қараб йиғилади ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, даражаларга ажратилган ҳолда ҳудудий солиқ органларига автоматлаштирилган тарзда етказилади. Агар хавф даражаси кичик бўлса ва дастур солиқ тўловчи хато қилганини, атайин солиқ тўлашдан бўйин товлашга уринмаганини кўрсатса, у ҳолда ҳудудий солиқ органлари хизмати ходимлари солиқ тўловчига ҳисоботни тузатишда ёрдам беради. Бошқа вазиятларда, солиқ тўловчининг хавф даражасидан келиб чиққан ҳолда, камерал ёки аудит солиқ текшируви режалаштирилади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу солиқ тўловчиларга ўзларининг айрим хавфларини аниқлаш ва солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тушунтиришлар бериш имкониятини яратади.
Азиз Миржалилов,
ДСҚ Ташқи манбаларни шакллантириш бошқармаси бошлиғи.