Жорий йилнинг 5 сентябрь куни kun.uz сайтида “Самарқандда солиқ инспекторининг билимсизлиги туфайли тадбиркор ҳисоб рақамига инкассо талабномаси қўйилди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда келтирилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан хизмат текшируви ўтказилди. Натижада мақолада келтирилган ҳолатлар қисман ўз тасдиғини топди.
Ўрганиш натижалари бўйича ўз вазифасига масъулият билан ёндашмаган солиқ органи ходимларига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилди.
Давлат солиқ қўмитаси ҳақиқатни юзага чиқаришга бефарқ бўлмаган ва фаол журналистик позициясини намойиш этган ОАВ ходимларига миннатдорчилик билдиради.
Таъкидлаш лозимки, бугун давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг яқин ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланмоқда. Бунда “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизими асосий йўналишлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати