Давлат солиқ хизмати органларида фаолият юритаётган раҳбар ходимлар учун коррупцияга қарши кураш борасида малака ошириш курси ташкил этилди. Видеоселектор шаклида ўтказилган малака ошириш курсида Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати, ҳудудий давлат солиқ бошқармалари ҳамда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси раҳбар ходимларининг 200 нафардан зиёди иштирок этди.
Унда ДСҚ марказий аппарати таркибий тузилмалари, Малака ошириш маркази раҳбарлари презентация материалларни тайёрлаб тингловчиларга тушунтириб берди.
ДСҚ Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Фаррух Асқархўжаев коррупция ва унинг келиб чиқиш сабаблари, давлат солиқ хизмати органларида коррупцияга олиб келувчи сабабларнинг бартараф этишга қаратилган тадбирлар, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмларини татбиқ қилиш муаммолари ҳақида маъруза қилди.
Жумладан у солиқ хизмати органларида “Комплайнс назорат” тизимини жорий этиш режалари ва ундан кўзланган мақсадлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Маълумот учун: Комплайнс назорат - ташкилот ва унинг ходимлари томонидан амалдаги қонунчиликка, ички идоравий ҳужжатларга ва одоб-ахлоқ нормаларига тўлиқ риоя қилинмаслиги натижасида юзага келадиган салбий вазиятдан огоҳ этувчи бошқарув тизими ҳисобланади.
Ушбу тизим жорий этилиши соҳада коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, таҳлил қилиш, манфаатлар тўқнашувини юзага келтирувчи ва бошқа хавфлардан тизимли ҳимоя механизмини яратилишига хизмат қилади. Бундан ташқари, меъёрий ҳужжатлардаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш ҳамда фаолият имиджини бир маромда сақлаб туришни таъминлайди.
Солиқ органларида мазкур тизимни жорий этиш 4 та босқичда амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, иштирокчиларга солиқ соҳасида коррупция хавфларини назорат қилиш механизмини жорий қилиш ҳамда бу борадаги халқаро стандартлар ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Унда тингловчиларга ISO 37001 халқаро стандарт талаблари, давлат солиқ хизмати органларида коррупцияга қарши олиб борилган амалий тадбирлар, давлат солиқ хизмати органларида 2020-2021 йиллар мобайнида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз борди.
Малака ошириш курси якунларига кўра, тингловчиларга белгиланган тартибда махсус сертификат берилди.
ДСҚ Матбуот хизмати.