Турли интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Бизнес-омбудсман томонидан Давлат солиқ қўмитасига огоҳнома киритилгандан сўнг тўрт мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари Президент Фармонларида берилаётган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Аслида берилган имтиёзлардан барча фойдаланиши учун кимнингдир аралашуви шартми? Мазкур масала юзасидан Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Таъкидлаш жоизки, пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, Президент Фармонларига асосан имтиёз ва енгилликлар берилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонига асосан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар тўхтатилиши белгиланган.
Оширилган ставкаларни қўллаш, пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш каби таъсирчан чораларни тўхтатиш Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли дастурий маҳсулотга ўзгартириш киритиш орқали АВТОМАТИК тарзда амалга оширилади. Бу эса имтиёзларни қўллаш шаффофлик ва адолат тамойилари асосида амалга оширилишини таъминлайди.
Хусусан, таъсирчан солиқ қўллаш натижасида юзага келган 145,5 млрд. сўм миқдоридаги солиқ қарзи бўйича 4 208 та тадбиркорлик субъектининг банк ҳисобварақаларида ижрода турган инкассо топшириқномалари огоҳлантиришга қадар Давлат солиқ қўмитаси томонидан марказлашган ҳолда чақиртириб олинган.
Хабарда келтирилган 3,7 млрд. сўм миқдоридаги пеня эса Фармон қабул қилингунга қадар ҳисобланган бўлиб, солиқ хизмати органлари томонидан мазкур суммани ундириш чоралари тўлиқ тўхтатилган.
Ҳудудий солиқ органлари томонидан мазкур солиқ туридан мавжуд қарздорликлар бўйича ижро органлари иш юритувида бўлган 14,1 млрд. сўмлик 251 та суд ҳужжати ижросини 2020 йил 31 декабрга қадар тўхтатиш тўғрисида судларга илтимосномалар киритилиши таъминланган.
Бу ҳақда давлат солиқ хизмати органлари томонидан жорий йилнинг 4 апрель куни ўтказилган брифингда ҳам маълумот бериб ўтилган эди.
Видео: https://t.me/aoka_uz/1072
Матн: https://t.me/aoka_uz/1071
Бундан кўриниб турибдики, мазкур имтиёзни қўллаш борасида тадбиркорлик субъектлари, Бизнес-омбудсман ёки бошқа давлат идораларининг солиқ органларига мурожаат қилиши талаб этилмайди.
Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати.