Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 736-сон қарори билан “Солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари билан боғлиқ операциялар бўйича солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумот алмашиш тартиби тўғрисида” Низом тасдиқланди.
Мазкур Низом билан амалиётга жорий этилаётган янги тартиб ва ўзгаришлар ҳақида Давлат солиқ қўмитаси Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш департаменти директори Нодир Эркаев тушунтириш берди.
Низомда қандай ўзгаришлар назарда тутилган?
– Ушбу Низом билан солиқ тўловчининг солиқ қарздорлигини ундиришда (тўлашда) ҳамда банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришда (тўхтатиб туришни бекор қилишда) солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон шаклда маълумотлар алмашиш тартиби белгиланди.
– Солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига ортиқча инкассо топшириқнома қўйилишини олдини олиш мақсадида, тижорат банкларига солиқ тўловчи ҳисобварағида пул маблағи йўқлиги (етарли эмаслиги) сабабли қабул қилиб олинган тўлов топшириқномаси ёки солиқ органи инкассо топшириқномасининг бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисидаги электрон банк хабарномасини солиқ органига юбориш вазифаси юкланди.
– Тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида, солиқ органига солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварағида ижрода турган ортиқча тўлов топшириқномаларни ижродан чақириб олиниш ваколати берилди. Бунда, ушбу амалиёт солиқ органи томонидан “Bank mail” тизими орқали электрон тарзда амалга оширилади.
– Солиқ органи инкассо топшириқномаси ёки солиқ тўловчи тўлов топшириқномаси тадбиркорлик субъектининг фақат асосий ҳисобварағига қўйилиши ҳамда қўйилган кундан бошлаб бир иш куни ичида, шунингдек валюта ҳисобварағига қўйилган топшириқнома икки иш кун ичида банклар томонидан бажарилиши белгиланди.
– Солиқ тўловчининг банк ҳисобварағида пул маблағлари етарли бўлмаганлиги сабабли бажарилмаган ёки қисман бажарилган тақдирда, солиқ қарзини мажбуриятга эга шахснинг муддатли депозитдаги ҳамда корпоратив карталаридаги маблағлари ҳисобидан ундириш белгиланди. Бунда, муддатли депозитдаги маблағлардан ундириш, уларнинг амал қилиш муддати тугагандан кейингина амалга оширилади.
– Солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тартиби ва муддатлари белгиланди.
Унга кўра, солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операциялари электрон тарзда солиқ органи қарори билан 10 кун муддатгача қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:
Солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини 10 кундан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш суд қарори билан амалга оширилади.
Солиқ органининг банк ҳисобварақ бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида солиқ органи судга мурожаат қилмаган тақдирда, банк томонидан солиқ тўловчининг банк ҳисобварағи операциялари тўхтатилиши бекор қилинади.