Ўзбекистон солиқ органлари тизими таркибий тузилмасини қайта ташкил этиш бошланмоқда. Мақсад – солиқ тўловчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш, шу билан тизимнинг сервисга йўналтирилганлик даражасини ошириш ва солиқ тўловчиларнинг ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий ва қулай тарзда бажаришини таъминлашга эришиш.
Эндиликда умумбелгиланган солиқлар тўловчилари ҳисобланадиган барча ҚҚС тўловчиларининг солиқ маъмуриятчилиги босқичма-бочқич янги даражага ўтади.
Хизмат кўрсатишнинг янги тартиби биринчи босқичда Тошкент, Aндижон ва Сурхондарё вилоятларида жорий этилади. Унга кўра, 1 июндан бошлаб умумбелгиланган солиқ тўловчиларига аввалгидек туман инспекцияларида эмас, балки вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларида хизмат кўрсатилади.
2020 йил 1 июлдан бошлаб мазкур учта ҳудудда солиқ тўловчиларнинг ушбу тоифасининг солиқ маъмуриятчилиги тўлиқ Тошкент шаҳар ва вилоят ДСБлари томонидан амалга оширилади.
Тажриба ва таклифлар
Ишни самарали ташкил этиш мақсадида солиқ хизмати тизимини оптималлаштириш ва таркибий тузилмари тармоғини такомиллаштириш Халқаро валюта жамғармаси экспертлари ўз тавсияларида кўрсатиб ўтди.
Бундан ташқари, ДСҚ ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясини ташкил этиш тажрибаси солиқ тўловчиларнинг маълум тоифаларига нисбатан солиқ маъмуриятчили манзилли тартибда алоҳида тузилмалар томонидан юритилишининг мақсадга мувофиқлигини исботлади.
Шу муносабат билан ҳудудий ДСБ лар таркибий тузилмасини қайта ташкил этиш ишлари бошланди: ҚҚСни расмийлаштириш ва қайтариш билан шуғулланадиган махсус бўлимлар ташкил этилмоқда. Мазкур ДСБ ларда умумбелгиланган солиқлар бўйича маълумотларни жамлаш учун юқори малакали мутахассисларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда ҳамда солиқ тўловчиларга одатий тартибда ва масофадан туриб хизматлар кўрсатиш учун барча шароитлар яратилмоқда.
Бу нима беради?
Янги механизм хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини оширишга ёрдам беради, солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига биринчи мурожаатида ечимини топмаган муаммоси бўйича юқори органга мурожаат қилиш ҳолатлари бир неча баробар камаяди.
Иш манзилли равишда, вазифаларни аниқ тақсимлаш ва ҳар бир масалани батафсил ўрганиш асосида ташкил этилади. Сифатли сервис хизмати солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва ихтиёрий равишда бажаришга имкон беради.
Бир сўз билан айтганда, солиқ тўловчи солиқ органига мурожаат қилишдан ҳар доим мамнун ва барча масалалар бўйича батафсил маслаҳатлар олишлари учун тўлиқ шароитлар яратилади.
Таркибий тузилмани қайта ташкил этиш тадбиркорлик субъектларидан ҳеч қандай қўшимча ҳаракатлар талаб қилмайди. Ўтказиш солиқ хизмати ходимлари томонидан уларнинг иштирокисиз амалга оширилади.
Маълумот учун. Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитасида 96 130 та субъект ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Ушбу тартиб биринчи босқичда Тошкент шаҳри, Aндижон ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилади ва 29 170 та ҚҚС тўловчисини қамраб олади (жами учта ҳудуд бўйича). Кейинчалик, бошқа ҳудудлар босқичма-босқич қамраболинади, 1 октябрдан бошлаб эса ушбу механизм бутун республика бўйлаб амалга оширилади.
ДСҚ Матбуот хизмати.