Энди давлат солиқ хизмати органларига ишга қабул қилиш учун номзодларни саралаб олиш фақат Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (ARGOS) портали орқали очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади.
Ушбу тизимнинг жорий қилиниши солиқ органлари томонидан коррупциянинг олдини олиш, давлат органлари ва ташкилотларининг ягона кадрлар сиёсатига риоя қилиш, кадрларни самарали бошқариш ва салоҳиятини ривожлантириш, малакали кадрларнинг рақобатбардош захирасини шакллантириш ва бўш иш ўринларини ўз вақтида тўлдиришда катта қадам бўлмоқда.
ARGOS – Давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул. Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунади ва унга ҳисоб беради. («Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5843-сон Президент Фармони. 3.10.2019 йил.)
Солиқ хизмати органларида давлат фуқаролик хизмати меритократия (муносиб ва қобилиятли номзодларни танлаш, ишга қабул қилиш ва рағбатлантириш), «карьера модели», меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими, кадрларни ижтимоий ҳимоялаш, мотивация ва рағбатлантириш тамойилларига асосланади.
Давлат солиқ қўмитасидаги мавжуд бўш иш ўринларини расмий порталида ёки расмий телеграм каналида кўришингиз мумкин.
Номзодлар учун эслатма: давлат тилини билиш шарт!
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги порталида жойлаштирилган Давлат солиқ хизмати органларидаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитасининг www.soliq.uz веб-сайти «Эълонлар» бўлимида, шунингдек ДСҚ ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларидан ҳам билиб олиш мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати